Янгиликлар

Геолокация ва геоахборот тизимларини яратишнинг Беларусь тажрибаси ўрганилмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Беларусь Республикасига юборилган Физика-техника институтининг бир гуруҳ ёш олимлари — Эргашали Рахимов, Эркин Жўраев, Алижон Шукуров Беларусь миллий фанлар академиясига қарашли “Информатика муаммолари бирлашган институти”да геолокация ва геоахборот тизимларининг яратилиш технологиялари ва биз учун номаълум бўлган имкониятлари билан танишиш ҳамда бу технологияларни республика миқёсида жорий этиш бўйича илмий амалиёт ўташмоқда.

Таъкидлаш жоизки, замонавий технологиялар ривожланган сари хизмат кўрсатиш соҳалари ҳам янги босқичларга кўтарилмоқда. Илгари биз учун унча тушунарли бўлмаган геолокация ва геоахборот тушунчалари бугунги кунда ҳар биримизнинг смартфонларимиздаги дастурлар орқали одатий сўзга айланди. Кўпчиликка маълум бўлиб улгурган геолокация ва геоахборот технология имкониятларидан турли мақсадларда фойдаланилади, яъни смартфоннинг геологик жойлашув нуқтасини аниқлаш, танланган манзилга етиб боришдаги йўл ва бу йўлларни сарфланадиган вақт бўйича танлаш, ҳаттоки автотранспорт тури ва йўналиш рақамини аниқлаш ва бошқалар.

Геолокация технологияси асосан сунъий йўлдош тизимлари орқали ишлаб, у қурилма турган жойни аниқлашга мўлжалланган. Геоахборот тизими сунъий йўлдош ёрдамида олинган фотосуратлардан фойдаланган ҳолда замонавий рақамли электрон хариталарни яратиш имконияти ҳам мавжуд. Бунинг натижасида электрон харита орқали ҳар бир давлатнинг чегаравий ҳудудларини белгилаш, шаҳар, туманларни тасвирлаш имконияти яратилади. Бундай хариталар хар бир давлат учун қўшимча қулайликлар яратади, ўз навбатида тез тиббий ёрдам, ўт ўчириш тизимлари ва бошқа хизмат турлари учун ўта муҳим ҳисобланади.

Республикамиз учун сунъий йўлдошнинг маълумотларни қайта ишлаш орқали электрон хариталарни яратиш технологияси ҳамда унинг қандай тизимларга жорий қилиш мумкинлиги ҳақида Беларуслик олимлар билан фикр алмашинар экан, республикамиз учун жорий этилиши мумкин бўлган турли хизматларни яратиш масаласи муҳокама этилди. Хусусан, сунъий йўлдош орқали олинган маълумотлар асосида йўлларни аниқ харитасини янгилаб туриш, ишлаб чиқилган электрон харита орқали тез тиббий ёрдам ва ўт ўчириш тизимлари учун тез қарор қабул қилиш тизимини ишлаб чиқиш. Фавқулодда вазиятлар учун тоғ олди ҳудудларини доимий равишда баҳолаб бориш, ҳамда мавжуд маълумотларни тўлдириб бориш орқали хавфли вазиятларнинг олдини олиш масаласи кўтарилди. Алоқа соҳасига тегишли бўлган тизимлар учун объектларни электрон харитасини яратиш ва уларни назорат қилиш орқали хизмат ва фойдаланиш сифатини ошириш лозимлигига урғу берилди. Энергия соҳаси учун мавжуд тизим тўғрисидаги маълумотларни киритиш орқали эса тизим қурилмаларини таъмирлаш, модернизация қилиш ишларини ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш мумкин. Газ билан таъминлаш тизими учун алоҳида белгиларни ишлаб чиқиш орқали узатиш тизимининг камчиликларини аниқлаш ва бартараф этиш имконияти яратилади. Булардан ташқари, ишлаб чиқилган тизимларнинг ахборот хавфсизлигига ҳам алоҳида эътибор берилиши жуда муҳим саналади.

Юқоридаги таклифларни ўрганар эканмиз, бундай тизимни республикамизда жорий қилиш ҳамда электрон харитани аниқ ва очиқ тарзда яратиш ва уларнинг давлат хизматлари тизимларида ишлаши муҳим эканлигига эътибор қаратиш лозим. Геоахборот тизимларини ҳали биз ўрганмаган қирралари жуда кўп ҳамда унинг соҳаларга жорий қилиниши жуда муҳимлиги бизни янада кўпроқ ўрганишга ҳамда республикамизда жорий қилишга ундайди.

Шу ўринда кўпчиликда ўринли савол туғилиши табиий, яъни ҳозирда мавжуд "Google.map" ва "Яндекс карта" каби электрон хариталардан фойдаланилса нима қилади? Ахир улар текин ва тайёр! Тўғри, улар анча қулай ва оммалашган, лекин уларда шаҳар ва қишлоқларимизнинг барча кўчалари акс этмаган. Булардан ташқари уларнинг маълумотлар базасида кўчалар кенглиги, йўлларда ётқизилган йўл тўшамаси қалинлиги ва материали, кўприкларнинг ўтқазиш қобилияти, электр, газ ҳамда сув қувурларга тегишли бўлган маълумотлари каби фақат республика учун маълум бўлган ахборотлар мавжуд эмас. Шу мақсадда Республика учун ўзининг миллий геоахборот тизимини яратиш жуда муҳим саналади.

Илмий амалиёт доирасида олинган кўникма ва малакалар орқали мазкур тизимни республикамиз учун янги босқичларга олиб чиқиш йўллари Беларуссия ва Ўзбекистон олимлари томонидан муҳокама қилинмоқда. Келажакда қўшма лойиҳалар орқали янги тизимларни жорий қилиш ва соҳалар учун инновацион ишланмалар таклиф этилиши муқаррар.

Шу ўринда қисқача институт ҳақида маълумот бериб ўтсак. Институт 1965 йилда “Кибернетика институти” номи билан иш бошлаган. Институтга 2007 йил “Информатика захиралари ва технологиялари миллий маркази” бирлаштирилганидан сўнг ҳозирги номи берилган. Беларусь 2012 йили ўзининг сунъий йўлдошининг фазога учирилиши институт учун катта имкониятларни яратди. Сунъий йўлдошнинг бошқаруви институт ихтиёрида бўлмаса ҳам институтда ўрнатилган қабул қилувчи антенна сунъий йўлдошлардан маълумотларни олиш имкониятини яратди.

Эргашали Раҳимов,

Ўзбекистон фанлар академияси

Физика-техника институти

катта илмий ходими