Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташқи грантларни жалб қилмоқда

2020 йилда ташқи грантларни жалб қилиш бўйича тадбирлар режасини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази "яшил" технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришга аризаларни биргаликда тайёрлашни муҳокама қилиш учун илмий ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказмоқда.
Хусусан, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти, «БМКБ-АГРОМАШ» ОАЖ, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти, Халқаро қуёш энергияси институти раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди.

Томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш орқали сув ресурсларини сақлаб қолиш, тоғ ҳудудларини кўкаламзорлаштириш, Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларининг энергетика салоҳияти атласини ишлаб чиқиш ва тажриба ўтказиш учун техник платформани ўз ичига олган Марказий Осиё қуёш энергияси паркини яратиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Илмий-техник ахборот маркази томонидан юқоридаги лойиҳалар бўйича институционал базанинг тафсилотлари, қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мавжудлиги, лойиҳа гуруҳлари кадрлар таркиби ва натижадорлиги бўйича ҳисоботлар тайёрланмоқда.

Жорий йил бошидан буён Илмий-техник ахборот маркази БМТТД билан Ўзбекистонда "яшил" технологияларни жорий этиш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш учун аризаларни тайёрлаш ва уларни грант молиялаштириши учун Глобал экология жамғармаси (GEF), Яшил иқлим фонди (GCF), Буюк Британия ва Германиянинг NAMA фонди ва Мослаштириш фондига топшириш бўйича ўзаро иш бошланди.