Янгиликлар

Миллий армиямиз руҳияти ва маънавиятини юртимиз аҳлига сингдириш энг олий вазифадир

 Жорий йилнинг 10 январь куни муҳтарам Президентимиз раислигида Хавфсизлик кенгашининг миллий армиямизни янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда армиянинг технологик қудрати ва салоҳиятини яхшилашга қаратилган муҳокамалар бўлишини ҳаммамиз кутгандик. Бироқ Президентимиз муҳокамалар марказига мутлақо янги йўналишдаги ғоя, яъни миллий армиямизнинг халқни ичига кириши ва армиядаги ғурур-ифтихор, ватанпарварлик ва синмас руҳиятни оддий халқимиз, айниқса ёш авлодларнинг онги ва қалбига етказиш энг олий вазифа эканлигини белгилаб бердилар.

Бу борада қилиниши керак бўлган ишларни бирма-бир очиб берар эканлар, тарихдан ва улуғ бобокалонларимиз ҳаётидан мисоллар келтириб, йўлдан адашган, иккиланиш туйғуси бор ёки уюшмаган ёшларни тарбиялашда руҳан бақувват, ватанпарвар ҳарбийларимиз – “эр йигитнинг эр йигит билан мулоқоти” воситасида аҳоли орасига кириши кераклиги айтилди.

Бу миллий армия билан аҳоли орасидаги ҳануз мавжуд “деворни” олиб ташлашга ва халқимиз мудофаа салоҳиятимиздан бохабар бўлиши кераклигига қатъий чорлов бўлди. Шунда ёшлар қайсидир мамлакатларга ҳавас билан қараш ўрнига ўз ватанимиз армияси билан ғурурланадилар. Ёшларимиз Ватанни севиш ва ардоқлаш, тарихимиз ва бугунги кунимизни асраш йўлида бирлашадилар, келажакни яратишга бир куч бўлиб интиладилар. Ҳарбий қисмлар ходимлари олдига ўз атрофларидаги аҳолини ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, улар билан мулоқот ўрнатиб, адашганлар, хато йўлга кирганлар билан ишлаш ва ватанпарварлик маънавиятини шакллантириш каби катта вазифа қўйилди.

Бу чорлов ва топшириқларни тинглар эканман, беихтиёр ёшликда қариндош-уруғ, амаки, маҳалладош ва қишлоқдош акаларни армияга кетиши ва улар қайтгандан кейинги воқеликлар ёдимга келди. Президентимиз айтганларидек, ҳарбий хизматга борган ва қишлоққа қайтган ҳар бир акаларимиз биз учун қаҳрамондек эди. Уларни юриш- туришига, кийинишига ва мулоқотларига ҳавас қилардик, улардек жасур, ватанпарвар, интизомли бўлишга ҳаракат қилардик.

Ўйлаб қарасам, ўша даврдаги мактуб орқали мулоқотлар, бугун Президентимиз айтганларидек, армиядаги маънавиятни бизнинг онгимизга муҳрланишида катта таъсир воситаси бўлган экан. Ўзим ҳам биринчи хатларимни амаким ва тоғамга ёзган эканман. Бу жуда машаққат бўлганини эслайман – нимани ёзаман, қайси янгиликни айтсам экан, қандай мақтанай, улардан нимани сўрай каби саволлар бошимда ғувуллаб айланган, демакки фикрни тўғри баён қилиш, кўрган-кечирганларимизни таҳлил қилишга ҳаракатлар айнан ўша пайтда бошланган.Ёш ука, сингил, жиянларидан хат олган аскар акаларга ҳам оғир бўлгандир. Ахир, жавоб ёзиш ҳам осонмас! Нима бўлганда ҳам биз уларга уйни эслатиб турсак, улар бизга армиядаги руҳиятни етказиб туришганини энди бугун тушуниб етгандекман.

Президентимиз аҳолини, аввало, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда армияни сафарбарлиги бўйича берган жуда чуқур ўйланган бу топшириқлари замирида ўз ҳаётимизда кўрган ана шундай “икки томонлама мулоқот” ётганлигини кўргандекман. Ўзимга савол бердим: бугун мен аскар бўлсам нима қилардим? Ҳеч иккиланмай айтаманки, ҳар бир ўспирин жигарларимга эринмай қоғозда мактуб ёзардим ва уларни ҳам мактуб орқали жавоб ёзишга ундардим. Бир нарса аниқ, одам қўлига қалам олиб ўз кечинмаларини, саволларини ва тилакларини қоғозга туширар экан, унинг “ҳақиқати” кўп бўлади ва бунда юқорида айтганимдек, ички ривожланиш кетади, интеллект пайдо бўлади.

Албатта, ҳозирги замонавий технологиялар (мобил алоқа, смс, мессенжерлар ва ҳ.к.) пайдо бўлиб, почта хизматлари доираси торайиб кетган даврда бу бировга эриш туюлиши мумкин. Бироқ миллий армиямиздаги ғурур ва руҳиятни ҳар бир оиладаги мурғак қалбларга кириб боришида мактуб орқали мулоқотнинг ўрни беқиёслигига мен қаттиқ ишонаман.

Ушбу йиғилишда муҳтарам Президентмиз ҳар бир раҳбар олдига ўзим Ватан учун нима қиляпман ва қандай ишларни амалга ошираман, деган саволларни қўйишимизни уқтирдилар.

– Армия моддий жиҳатдан энг замонавий ва зарур воситалар билан таъминланган бўлиши мумкин, лекин ахлоқий жиҳатдан заифлиги, жанговар руҳи, Ватанга содиқлик ва муҳаббат, унинг тақдири учун масъулият ҳисси йўқлиги ёки лоқайдлик тузатиб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Бу чорлов ҳар биримизни ўзлигимизга яна бир марта қайта боқиш, олиб бораётган ишларимизни Президентимиз томонидан берилган вазифаларга мослаштириш ва ҳар қандай ишда биринчи ўринда маънавиятга, атрофимиздаги тарбияга ва воқеликларга катта эътибор бериш кераклигига ундайди. Тушундимки, энг аввало жамоада мана шундай маънавий масъулиятни ошириш, атрофга ва энг муҳими ёшларимиз тарбиясига лоқайд бўлмаслик асосий вазифадир. Қачонки, юртимиз равнақи ва иқтисодиётимиз ривожи учун хизмат қиладиган интеллектуал ёки инновацион фикр эгаларини тайёрлай олсаккина мамлакатнинг инновацион ривожланишига эришамиз. Шундан келиб чиқиб, вазирликдаги ҳар бир ёш мутахассис билан ишлаш, вазир ва ходимларнинг фарзандлари билан “икки томонлама мактуб орқали мулоқот” лойиҳасини амалга оширишни белгилаб олдик.

Йиғилишда ҳарбий салоҳиятни ошириш, замонавий технологияларни кенгроқ жалб қилиш, чегараларни қўриқлашни сим тўсиқлар билан эмас, замонавий инновацион ва ахборот-коммуникация ҳамда робототехника технологияларидан фойдаланиб ташкил қилишга алоҳида урғу берилди. Энди жамоатчилик тартибини сақлаш бўйича ҳам илм-фанга асосланган тизим яратиш ва ахборот хавфсизлиги бўйича ишларни амалга ошириш бўйича қатор топшириқлар берилди.

Тарихдан маълумки, инновацияларни яратилиши ва қўлланилиши учун энг мақбул майдон бу – ҳарбий платформалардир. Инновациялар айнан ҳарбий соҳадан халқ хўжалигини турли соҳаларига кириб келган. Шунинг учун вазирлик мудофаа тизими ва саноати билан янги инновацияларни яратиш, мавжудларни қўллаш ва бу соҳада стратегик йўналишларни ривожлантириш бўйича ишларни амалга оширади.

Ҳозирда янги инновациялар ва ақлли маҳсулотлар яратишга қаратилган 10 дан ортиқ илмий фаолиятга оид грант лойиҳалари амалга оширилаётган бўлса, 2020 йили бу лойиҳалар сони икки баробаргача оширилиши бўйича давлат буюртмаси шакллантирилди. Ўзбекистон Фанлар академияси билан ҳамкорликда мудофаа саноатига мос асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва ахборот хавфсизлиги бўйича илмий лойиҳалар амалга оширилади. Ҳарбий соҳага робототехника ишланмаларини (масалан робот сапёр каби) татбиқ қилиш кенгайтирилади.

Энг муҳими, мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда иқтисодий, сиёсий, ижтимоий барқарорлик ва миллий хавфсизликни таъминлаш ҳамда миллий мудофаа қудратини янада ошириш мақсадида 2020–2030 йиллар учун “Сунъий интеллектни ривожлантириш миллий концепцияси”ишлаб чиқилади. Ўзбекистонда биринчи марта, сунъий интеллект йўналишида қатор илмий лойиҳаларга старт берилади. Тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда, чегараларни қўриқлашда қўлланилаётган сунъий йўлдошлар технологиясини ўрганиш, бу соҳада маҳаллий кадрлар тайёрлаш ва технологияларни трансферини амалга ошириш бўйича халқаро ҳамкорликлар ўрнатилади. Вазирликда аэрокосмик тадқиқотлар бўйича замонавий лабораторияни ташкил қилиш ва илмий дастурлар шакллантириш чоралари кўрилади. Жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли ҳавфсизлигини таъминлашда вазирлик томонида ишлаб чиқилган “Ақлли шаҳар” концепциясининг амалий давоми сифатида айрим ҳудудларда “пилот” лойиҳалари амалга оширилади.

Мудофаа вазирлиги қошидаги янги ташкил қилинган Ахборот технологиялари ва алоқа институтида инновацион технологияларни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик дастури шакллантирилиб, замонавий мутахассислар тайёрлаш ишлари ва ҳарбий соҳага инновацион технологияларни жалб қилиш ҳамда талаба-курсантларда зарур кўникмаларни шакллантириш ишлари олиб борилади. Ушбу олиб борилаётган ва режадаги ишлар мамлакатимиз мудофаасининг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Иброҳим Абдураҳмонов

Инновацион ривожланиш вазири