Янгиликлар

Фарғонада водийсида тадбиркорлар билан инновация масалалари муҳокама қилинди

Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширишга қаратилган тадбиркорлик билан шуғулланишни истагини билдирган ташаббускорлар иштирокида Бизнес форум бўлиб ўтди. Ушбу бизнес форумда Инновацион ривожланиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари ҳокимлиги вакиллари ва вилоят тадбиркорлари, ОТМ лар раҳбарлари жами 600 нафардан ортиқ киши қатнашди.

Ушбу бизнес форумда Фарғона водийсида кичик бизнес, тадбиркорликни кенг ривожлантириш ва бу жараёнга Жаҳон банкининг имтиёзли кредит маблағлари ажратилгани ва ушбу маблағларни ўзлаштириш юзасидан ҳудуд тадбиркорларига батафсил маълумотлар берилди.

Тадбирда Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари в.б. Шароф Ражаббаев Жаҳон банки лойиҳаси доирасида Фарғона водийсида инновацион инфратузилмани ривожлантириш ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш муҳим эканлигини таъкидлаб, Жаҳон банки томонидан Инновацион ривожланиш вазирлигига икки йўналишда молиявий кўмак ажратилганини маълум қилди.

Хусусан, “Мураббийлик ва бизнес инкубация” компоненти бўйича хорижий экспертларни жалб қилиш орқали инновацион фаолиятни ривожлантирилади ҳамда технологиялар трансфери амалга оширилади. Шунингдек, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ҳудудий инновация марказлари ходимлари чет эл стажировкаларга юборилади. Инновацион лойиҳаларни молиялаштириш, стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали инновацион тадбиркорлик ривожлантирилади.

“Қишлоқ хўжалиги бўйича инновацион ғояларни молиялаштириш” компонентида эса инновацион ишланмаларни тижоратлаштиришни амалга оширувчи тадбиркорларга молиявий кўмак берилиши назарда тутилган. Бунда технологиялар трансферини амалга оширувчи инновацион тадбиркорлик ҳам қўллаб-қувватланади. кичик бизнес лойиҳаларини молиялаштириш ва стартап экотизимни ривожлантириш каби ишлар амалга оширилиши борасида маълумот берилди.

Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Жаҳон банки томонидан Фарғона водийсида инновацион инфрастузилмани ривожлантириш ва бу орқали ҳудудларнинг инновацион салоҳиятини ошириш лойиҳанинг асосий мақсади эканини алоҳида таъкидлади.

Жаҳон банки Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида ташкил этилган инновацион инфратузилма объектларини ривожлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий лаборатория ускуналари билан таъминлаш учун 3 млн. АҚШ долл. грант маблағлари ажратган.

Бундан ташқари, ушбу йўналишда вазирлик томонидан мунтазам равишда семинар-тренинглар, инновацион тадбиркорликни шакллантиришга қаратилган маслаҳат курсларини, хусусан хорижий консультантларни, экспертларни жалб этган ҳолда амалга ошириш кўзда тутилган.

Юқоридаги маблағдан ташқари, Жаҳон банки ҳудудларда инновацион тадбиркорликни янада ривожлантириш, ҳудудларнинг турли соҳа ва йўналишларига инновацион ишланмалар, лойиҳаларни жорий этишни кучайтириш мақсадида 5 млн. АҚШ долл. имтиёзли кредит маблағларини йўналтирилгани ҳақида маълумот берилди. Бу йўналишда янги ишланма ва технологиялар, технологиялар трансфери амалга ошириш кўзланганлиги айтиб ўтилди.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида қишлоқ хўжалигини инновациялар асосида рақобат бардошлигини ошириш, учувчисиз технологиялар ва жараёнларни роботлаштириш, смарт технологиялар асосида жараёнларни бошқариш, юқори ҳосилдорлик берувчи илғор агротехнологияларни жорий этиш . режалаштирилаётгани алоҳида қайд этилди.