Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги вакиллари Сочидаги халқаро форумда иштирок этди

Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида юқори технологияларга асосланган тармоқларни ва инновацион экотизимни ривожлантириш масалаларига бағишланган “Глобал технологик етакчилик” мавзусида Халқаро форум бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг бошқарма бошлиқлари Шуҳрат Отажонов ва Нилуфар Авезова қатнашди.


Мазкур Форум доирасида “2030 йилгача бўлган даврда МДҲ иштирокчи-давлатларининг инновацион соҳадаги ҳамкорлиги бўйича давлатлараро дастур концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш” бўйича стратегик сессия ташкил этилди. Стратегик сессиянинг асосий мақсади илмий-техник ва инновацион фаолиятни амалга ошириш ҳамда илмий ишланмаларни тижоратлаштиришда ҳамкорлик самарадорлигини оширишга йўналтирилган концепция лойиҳасини тайёрлашдан иборат. Ушбу концепция асосида МДҲ иштирокчи-давлатларининг инновацион соҳадаги ҳамкорлиги бўйича давлатлараро дастур ишлаб чиқилади.


Тадбирда инсон капиталини ривожлантириш, глобал етакчилик учун синергия, рақамли трансформация ва технологик сиёсат, технологик тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари, технологик ечимлар ишлаб чиқиш йўналишларида маърузалар тингланди.


Форум доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Россия Федерациясининг Фан ва таълим вазирлиги Инновациялар ва истиқболли тадқиқотлар департаменти директори Вадим Медведевва Россия Федерациясининг МДҲ ишлари бўйича Федерал агентлиги Ҳалқаро ҳамкорлик ва интеграция бошқармаси бошлиғи Сергей Маленко ўртасида келгусидаги истиқболли халқаро илмий-инновацион ҳамкорликнинг амалий механизмлари муҳокама этилди.


2020 йилнинг январь ойида Тошкент шаҳрида МДҲ иштирокчи-давлатларининг инновацион соҳадаги ҳамкорлиги бўйича давлатлараро дастур лойиҳасини муҳокама этишга бағишланган форсайт ташкил этишга келишиб олинди.