Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги 15 нафар ёш олимни Германияга юборади

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Германия Таълим ва тадқиқотлар вазирлиги билан ҳамкорликда пухта тадқиқот режасига эга 15 тагача ўзбекистонлик ёш олимларнинг илмий ишланмаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Германия тадқиқот институтларида икки ҳафта давомида малака оширишлари учун грант дастурини эълон қилади.

Амалиёт дастури доирасида ёш олимлар Германия инновацион экотизимини ўрганиш мақсадида мамлакатнинг турли илмий ва инновацион марказларига ташриф буюрадилар. Улар, шунингдек, Германиянинг илмий-тадқиқот муассасаларида малака ошириш имкониятига эга бўладилар.

Танловда ақлли шаҳар, атроф-муҳитни ўрганиш, барқарор ривожланиш, қишлоқ хўжалиги ва маданий меросни асрашга қаратилган инновацион технологияларни тадқиқ этишга қаратилган лойиҳаларга кўпроқ эътибор қаратилади. Айтиб ўтиш керакки, инновацион фаолиятга йўналтирилган ва натижаларини амалиётга жорий қилишга қаратилган лойиҳалар танловда устунликка эга бўлади.

Номзодлар 2019 йилнинг 31 августига қадар рўйхатдан ўтиб, керакли ҳужжатларнинг электрон нусхаларини тақдим этишлари лозим. Тил билиш сертификатлари (IELTS, TOEFL, CEFR, TestDaF, Goethe Zertifikat ва бошқалар)га эга, инглиз ёки немис тилида илмий мақолалари чоп этилган номзодларга танловда устунлик берилади.

Танловнинг саралаш жараёни Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожланиш вазирининг юқори мартабали маслаҳатчиси Карстен Хайнц раҳбарлигида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Номзодларнинг икки томонлама авиачипталари, Германияда турар жой ва озиқ-овқат харажатлари, Германия ҳудудида ички йўл харажатлари ва лойиҳа билан боғлиқ бошқа харажатлари ташкилотчилар томонидан тўлиқ қоплаб берилади.

Амалиёт дастурида иштирок этиб қайтган номзодлар 2019 йил октябрь ойида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган “INNOWEEK” — инновацион ғоялар ҳафталиги давомида тадқиқот натижаларига бағишланган тақдимотлари ёки ўз лойиҳалари билан қатнашишлари лозим. Шунингдек, ғолиблар ўзлари бирга ишлаган ташкилотлар билан ҳамкорликда Германия ҳукумати томонидан ўтказиладиган илмий танловлар ва грант дастурларида иштирок этиш имкониятини қўлга киритадилар.

Танлов шартлари билан танишиш учун ҳаволага ўтинг.