Янгиликлар

Самарқанд вилоятининг илмий салоҳияти ўрганилмоқда

Инновацион ривожланиш вазир ўринбосари А. Назаров бошчилигида вазирлик ишчи гуруҳи аъзолари жорий йилнинг 11-12 февраль кунлари Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илм-фан ютуқларини жорий этиш масалалари юзасидан ташрифи бўлиб ўтди.

Ташриф давомида Самарқанд вилояти ҳокимлиги мутасадди раҳбарлари, Самарқанд давлат университети ва Самарқанд халқаро туризм университетининг олимлари ҳамда ёш тадқиқотчилари билан давра суҳбатлари ташкил этилди. Шунингдек, учрашув давомида вилоятдаги барча олий таълим муассасаларида амалга оширилаётган илмий-техник, инновацион ва стартап лойиҳалари билан танишилди. Вазир ўринбосари А. Назаров Самарқанд вилояти ва республикамиз учун долзарб бўлган мавжуд муаммоларнинг ечимларига қаратилган лойиҳаларнинг вазирлик ваколатлари доирасида ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

— Президентимиз томонидан республикамиз ҳар бир ҳудудининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда илм-фан ютуқларига асосланган ижтимоий-иқтисодий юксалишни таъминлаш вазифаси қўйилган, — деди Инновацион ривожланиш вазир ўринбосари А. Назаров. — Эндиликда илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни қайта мустаҳкамлашга қаратилган аниқ механизмларни ҳамкорликда ишлаб чиқишимиз, иқтисодиёт таянчи бўлмиш инновацион тадбиркорликни қўллаб-қувватлашимиз даркор.

Шунингдек, ташриф давомида маҳаллий вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорлигида Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлимида Самарқанд вилоятининг тадбиркорлик субъектлари, барча олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари олимлари, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ва талабалар билан учрашув ташкил этилди.

Учрашув давомида вазирлик томонидан республикамизда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсати, эришилаётган ютуқлар ва мавжуд камчиликлар атрофлича муҳокама этилди. Шунингдек, 2020 йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланиши муносабати билан илм-фан ва инновацион фаолиятда белгиланган асосий вазифалар ва устувор йўналишлар бўйича фикрлар алмашинилди.