Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлигида энди тўртта “Умид”чи фаолият юритмоқда

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида таълим олган мутахассисларни жалб қилиб келмоқда. Улар чет элда олган билим ва тажрибаларини вазирликдаги фаолиятларида, янги лойиҳаларни амалга оширишда қўллаб келмоқдалар. Жумладан, “Умид” жамғармаси томонидан ривожланган мамлакатларнинг университетларида таҳсил олган ходимлар ҳам ўз салоҳиятларини намоён этиб келмоқдалар.

Жорий йилда “Умид” жамғармаси орқали таҳсил олганлар сони вазирликда яна бир кишига ошди. Умаров Бахтиёр 2002-2007 йиллари мазкур жамғарма ҳисобидан Германия Триер университетида иқтисодиёт ва ижтимоий фанлари бўйича таҳсил олган. У вазирликнинг Молиявий-иқтисодий ва техника экспертиза бўлимига бошлиқ бўлди.

Шу ўринда инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, вазир ўринбосари Азимжон Назаров, Инновацион ривожланиш вазирлиги хорижий маслаҳатчиси Ербол Сулейменов ҳам “Умид” жамғармаси томонидан тақдим этилган имкониятлар туфайли хорижий университетларда таълим олганини маълум қиламиз.