Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги вакиллари Осиё-Тинч океани технологиялар трансфери марказининг Малайзияда бўлган тадбирларида иштирок этдилар

Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг Осиё ва Тинч океани иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО) Осиё-Тинч океани технологиялар трансфери маркази (ОТТТМ)га аъзо-давлатлар сафига қўшилиши юртимиз илм-фани, инновация ва технологиялар соҳасининг ривожланишига туртки бериши кутилмоқда. Шу муносабат билан “InnoWeek-2019” инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Осиё-Тинч океани технологиялар трансфери маркази томонидан “Инновациялар ва технологиялар трансферида интеллектуал мулкнинг аҳамияти” мавзусидаги минтақавий семинар ташкил этилди. Тадбирга Ҳиндистон, Корея Республикаси, Филиппин, Малайзия, Швеция, Қозоғистон каби давлатлардан спикерлар таклиф этилди.

Ўз навбатида Инновацион ривожланиш вазирлиги мутасаддилари Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда 5 ноябрь куни бўлиб ўтган “Барқарор ривожланиш мақсадларини ривожлантириш учун янги технологиялар” (International Conference on Emerging Technologies for Achieving Sustainable Development Goals) мавзусидаги халқаро конференцияда ҳамда 6-7 ноябрь куни кунлари Осиё-Тинч океани технологиялар трансфери маркази Бошқарув кенгашининг 15-йиғилишида иштирок этдилар.

Халқаро конференцияда ОТТТМга аъзо-давлатларидан 130 нафардан ортиқ илм-фан, технологиялар, инновациялар соҳасига дахлдор вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектор вакиллари қатнашдилар. Конференция иштирокчилари инновацион сиёсатни ишлаб чиқиш, буюмлар интернети, сунъий интеллект, нанотехнологиялар, қайта тикланувчи энергия манбалари ва бошқа янги технологиялар трансфери ва тижоратлаштирилиши борасида чиқишлар қилдилар

Инновацион ривожланиш вазирлиги вакиллари Ўзбекистонда илм-фан тараққиёти, инновацион технологияларни татбиқ этиш йўлида қилинаётган ишлар ҳақида маълумот бердилар. Хусусан, мазкур соҳада қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегияси, ҳамда яқинда қабул қилинган “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қарорнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлаб берилди.

Осиё-Тинч океани технологиялар трансфери маркази Бошқарув кенгашининг 15-йиғилиши Малайзия Энергетика, илм-фан, технологиялар, экология ва иқлим ўзгариши вазирлиги (Ministry of Energy, Science, Technology, Environment and Climate Change) томонидан ўтказилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Осиё-Тинч океани минтақасида рўй бераётган ўзгаришлар даражаси бутун дунёни ҳайратга солмоқда. Тадбиркорлик, машаққатли меҳнат ва инновацияларга бўлган мисли кўрилмаган интилиш ажойиб иқтисодий ўсиш ва жамиятда рўй бераётган ўзгаришларнинг асосий омили бўлиб келмоқда. Натижада сўнгги йилларда таълим олиш имкониятлари кўпайди, бу соҳада меҳнат қилаётганларнинг даромади сезиларли даражада ошди, одамлар соғлом бўлиб, узоқроқ яшай бошладилар.

БМТнинг Осиё ва Тинч океани иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО) аъзо-давлатларда рўй бераётган ижобий ўзгаришларга хайрихоҳлик қилади, барқарор ривожланиш йўлидаги режаларнинг амалга оширилишига кўмак беради. Мазкур ташкилот космик технологияларни қўллаш бўйича ҳамкорлик, рақамли савдо, табиий офатлар ахборотини бошқариш каби соҳаларда амалий ишларни муваффақиятли олиб бормоқда. Кейинги режалар сарасига аъзо давлатлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни камайтириш ва имкониятларни кенгайтириш киради. Бу аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, қарияларнинг фаол ҳаёт кечиришлари учун шарт-шароитлар яратиш, қашшоқликни бартараф этиш учун ижтимоий ҳимоя инвестицияларини оширишни англатади. Экологик тоза энергияга ўтишни жадаллаштириш, табиий офатлардан келадиган зарарни юмшатиш, экологияни назорат қилиш бўйича илмий асосланган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш масаласи ҳам ташкилотнинг устувор вазифаларидандир.

Тадбир иштирокчилари Mimos Berhad технологик паркининг имкониятлари, эришилган натижалари билан танишдилар. Инновацион ривожланиш вазирлиги лабораториялар ташкил этиш, ақлли технологиялар соҳасида фаолият юритувчи мутахассислар билан янги алоқалар ўрнатдилар.