Янгиликлар

Инновация вазирлигида имконияти чекланган шахслар учун электрон маълумотлар базаси ва платформаларни яратиш ва жорий этиш масалалари кўриб чиқилди

Жорий йилнинг 10 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ташкил этилган Инновациялар ва бошқарув ечимлари лабораториясида «Имконияти чекланган шахслар учун электрон маълумотлар базаси ва платформаларни яратиш ва жорий этиш масалалари» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (TMЭK), Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, Давлат статистика қўмитаси, Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциациясининг аъзолари ҳамда ННТ вакиллари иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган мақсад - имконияти чекланган шахс мақомини олиш бўйича хизмат кўрсатишнинг жорий моделини муҳокама қилиш, унинг янги моделини ишлаб чиқиш ва фойдаланувчилар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда тақдим этиш жараёнини оптималлаштириш учун рақамли механизмларни жорий этиш орқали яхшилашдир.
Сўнги йилларда мамлакатимизда кексалар, пенсионерлар, ногиронлар ва имконияти чекланган болаларга ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида олиб борилмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил
30 ноябрдаги ПҚ-3416-сон қарорига мувофиқ, вазирлик томонидан давлат ва жамият ҳаётини ҳар томонлама ривожлантириш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Ўзбекистонда имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик мақомини бериш жараёнини рақамлаштириш орқали хизмат кўрсатишни соддалаштириш мақсадида Давлат ва жамият қурилишига инновацияларни жорий қилиш ҳамда тадқиқ этиш бошқармаси томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар билан чора-тадбирлар режасини тузиш келишиб олинди.
Муҳокамалар натижасига кўра тиббий-меҳнат эксперт комиссияларининг (ТМЭК) фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда ногиронликни белгилаш билан боғлиқ фаолиятини таҳлил қилиш жараёни ва имконияти чекланган фуқароларнинг мазкур статистик маълумотларни умумий базасини яратиш бўйича дастлабки ўрганишни ташкил қилишга келишиб олинди.