Янгиликлар

Ёш олимлар учун “Илм-фан ва инновациялар” халқаро конференцияси

Жорий йилнинг 1 ноябрида илм-фан ва инновацион жараёнларни ривожлантиришнинг долзарб муаммоларига бағишланган «Илм-фан ва инновациялар» халқаро конференцияси бўлиб ўтади. 

Конференциянинг асосий мақсади – илм-фан ҳамжамиятига ва потенциал инвесторларга биология, физика, кимё ва геология каби табиий фанлар бўйича ёш олимларнинг замонавий ютуқларини тақдим этиш, шунингдек, илм-фан, техника ва технологияларнинг устувор йўналишлари бўйича олиб борилаётган тадқиқотларнинг замонавий тенденциялари ва натижалари билан ўртоқлашишдир.

Конференция иштирокчилари етакчи маҳаллий ва хорижий экспертлар билан иқтисодиёт тармоқларида инновацион технологияларни жорий этиш соҳасидаги мавжуд тенденцияларни муҳокама қилишлари кўзда тутилган.

Конференция ўзбек, рус ва инглиз тилларида ўтказилади.

Конференция доирасида қуйидагилар ўтказилади:

  • пленар йиғилиш;
  • илм-фан, шунингдек илмий ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича секциялар иши;
  • оғзаки муҳокамалар;
  • инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича тренинг-семинар.

Конференциянинг энг яхши маърузалари ОАК рўйхатига киритилган «Илм-фан ва инновацион ривожланиш» журналида илмий мақолалар кўринишида чоп этиш учун тавсия этилади.  Конференция натижалари бўйича танлаб олинган энг яхши лойиҳаларга Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказилган стартап-лойиҳалар танловининг навбатдаги босқичида иштирок этиш учун лойиҳани тайёрлашда консалтинг ёрдам кўрсатилади.