Янгиликлар

Инновация вазирлиги Япония билан илмий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири биринчи ўринбосари в.б. Шароф Ражаббоев бошчилигидаги делегация Япониянинг Токио ва Киото шаҳарларига ташриф буюрди. Делегация раҳбари “Илм-фан ва технологияларнинг жамиятдаги ўрни” 16-чи Форуми доирасида ташкил этилган вазирлар иштирокидаги давра суҳбатида қатнашди.
 
23 та давлатдан келган вазирлик раҳбарлари иштирок этган йиғилишга Япония Илм-фан ва технологиялар вазири Наокадзу Такэмото раислик қилди. Муҳокамалар чоғида қатнашчилар халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жамият ва мамлакатларнинг барқарор ривожланиши мақсадида илмий-техник маълумотлар билан алмашиниш масалаларига алоҳида тўхтадилар. Йиғилиш натижаларига кўра томонлар ушбу соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришга келишдилар.
 
Сафар доирасида Ш. Ражаббоев қатор япон ташкилотлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. Хусусан, Япония илм-фан ва технологиялар агентлиги, Шизенкан университети, Номура тадқиқот институти мутасаддилари билан музокаралар олиб борди. Музокаралар натижасида илмий-тадқиқот муассасалари базасидаги лабораторияларни мустаҳкамлаш, ёш олимларнинг малакасини ошириш ва ижобий халқаро тажрибалар билан алмашиш бўйича дастурлар ташкил этиш соҳаларида ҳамкорликдаги лойиҳаларни ишлаб чиқишга келишилди.