Янгиликлар

11 фeвраль – “Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни”!

 Юртимиздаги барча олималарни , тадқиқотчи аёл-қизларимизни 11 фeвраль – “Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни” билан табриклаймиз.

Ватанимизда етишиб, фаолият юритган буюк олималар — Хадича Сулаймонова, Зарифа Саидносирова, Галина Пугаченкова, Раъно Убайдуллаева, Суюма Ғаниева, Сайёра Рашидова, Фозила Сулаймонова, Мазлума Асқарова, Сабоҳат Азимжонова каби устозларимиз ҳамиша сизга ўрнак бўлсин. Улар етган марраларни эгаллашингизни, дунё илм-фанида ёрқин юлдуз бўлишингизни тилаб қоламиз!

Бугунги кунда давлатимиз томонидан олимларга, илм-фан аҳлига алоҳида эътибор қаратилмоқда, илм-фан билан шуғулланиш учун сезиларли равишда шароитлар кенгайган. Аёл-қизлар бошқа касбу корлар қатори фан чўққиларини ҳам забт этиб келишмоқда. Улар ватанимизнинг таълим ва илм-фан соҳаси ривожига салмоқли улуш қўшмоқдалар.

2013 йил 20 дeкабрда БМТ Бош Ассамблeяси томонидан қабул қилинган “Тараққиёт мақсадларидаги фан, тeхника ва инновациялар” тўғрисида рeзолюцияда ушбу соҳаларда гeндeр тeнгликни таъминлаш масаласи кўтарилган бўлиб, бутун дунёда хотин-қизларнинг фан, тeхника ва инновациялар ютуқлари ривожидан тeнг ва тўлақонли фойдаланишларига тенг имкониятлар яратилишига чақирилган. Эътироф этиш керакки, юртимиз илмий таълим муассасаларида 660 аёл фан доктори ҳамда 7 нафар аёл академик меҳнат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг илмий-тадқиқот институтларида 3000 нафарга яқин аёл-қизлар самарали тадқиқот ишларини олиб боришмоқда. Ўзбек олима аёллари кимё, биотехнология, қишлоқ хўжалиги ва бошқа жабҳаларда ўз интеллектуал салоҳиятларини намойиш этиб, оригинал тадқиқотлари, инновацион ишланмалари билан юртимиз инновацион ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Илм-фан равнақи, юрт келажаги учун тиним билмай илмий изланишлар қилаётган, илм-фан ривожи учун ҳисса қўшаётган Сиз азизларнинг ишларингизга ривож тилаймиз. Буюк марралар сари интиларкансиз, сизга куч-ғайрат, соғлик-саломатлик, ижодий кўтаринкилик ёр бўлсин!

Иброҳим Абдураҳмонов,

Инновацион ривожланиш вазири, академик