Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари ёш олимлар билан учрашди

Жорий йилнинг 10 январь куни  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат Бошқаруви Академияси биносида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш  вазирининг ўринбосари Олимжон Туйчиев, Президент администрацияси вакиллари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси вакилларининг ёш олимлар, университет  вакиллари ва иқтидорли ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Унда О. Тўйчиев Ёшлар академиясининг ташкил этилиши, академиянинг мақсади ва вазифалари ҳақида тушунча бериб ўтди. Вазир ўринбосари ва академиклар ўртасида мунозара бўлиб ўтди.

Учрашув давомида фан ва таълим соҳасидаги қуйидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди:

  • Солиқ кодексини соддалаштириш ва қайта кўриб чиқиш, зарур илмий жиҳозларни олиб киришда турли имтиёзларни жорий этиш
  • Турли илмий танловларда қатнашиш учун ҳужжатларни қабул қилиш шартларини соддалаштириш
  • Хорижий ёш академиялари билан маълумот ва кўникмалар алмашиш
  • Ёш олимлар учун маслаҳат бўлимини ташкил қилиш.

Учрашув якунида О. Тўйчиев илм-фан вакиллари билан доимий алоқада бўлиш учун бундай учрашувларни мунтазам равишда ўтказишни таклиф қилди. Шунингдек, у барча муаммолар ва таклифларни Ёшлар академияси билан биргаликда кўриб чиқиш мумкинлигини таъкидлади. Иштирокчилар аниқланган вазифалар доирасида, яқин ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида келишиб олдилар.