Янгиликлар

Генетик олим Мирадҳам Абзалов вафот этди

Ўсимликлар генетикаси ва селекцияси бўйича йирик мутахассис, Ўзбекистон Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти лаборатория мудири Мирадҳам Абзалов оламдан ўтди.

Мирадҳам Абзалов 1941 йил 14 март куни Тошкент шаҳрида туғилган. У 58 йил давомида ўсимликлар генетикаси ва селекцияси йўналишида самарали меҳнат қилган. 1967–1990 йилларда Ўзбекистон Миллий университетида доцент, кафедра мудири лавозимларида ишлаган. 1990 йилдан Ўзбекистон Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтида лаборатория мудири лавозимида меҳнат қилиб келаётганди.

Москвада Россия Фанлар академиясининг Н.I.Вавилов номидаги Умумий генетика институти ихтисослашган илмий кенгашида 1991 йил докторлик диссертациясини ёқлаган. 1993 йилда профессор, 1994 йилдан Нью-Йорк Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси бўлган.

Мирадҳам Абзалов соя ўсимлигини Республиканинг озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалигидаги ўрнини ва тупроқ унумдорлигини ошириш имкониятларини эътиборга олган ҳолда 1997 йилдан Институт илмий йўналишига соя ўсимлигини киритиб, унинг 130 дан ортиқ генофондини тўплаган. Ҳозирги кунда унинг 40 дан ортиқ генетик коллекция тизмаларини ажратган, морфобиологик ва хўжаликда аҳамиятли белгиларини генетикасини ўрганиш натижасида қисқа муддат ичида сояни икки навини — «Генетик-1» 2009 йилдан ва 2015 йилдан «Сочилмас»ни туманлаштиришга эришди ва Давлат реестрига киритган.

У фаол олим сифатида Ўзбекистон Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти илмий кенгаш аъзоси, катта илмий ходимлик мактабига кириш имтиҳони бўйича ҳайъат раиси, Ўзбекистон Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтидаги ихтисослашган докторлик диссертацияларини ҳимоя қилувчи кенгаш аъзоси ва семинар раиси эди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги жамоаси ва раҳбарияти йирик олим Мирадҳам Абзаловнинг вафоти муносабати билан оила аъзоларига, яқинларига, ҳамкасблари ва шогирдларига чуқур таъзия билдиради. генетик олимизнинг ёрқин хотираси ва илмий мероси авлодлар хотирасида мангу қолади!