Янгиликлар

“Proofreading” хизмати илмий мақолаларни юқори рейтингга эга журналларда чоп этишга кўмаклашмоқда

9 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар, мутахассислар ва ёш олимлар учун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тақдим этилган “Proofreading” хизмати — илмий мақолаларни юқори рейтингга эга илмий журналлар учун тайёрлашга бағишланган семинар ўтказилди. Семинарни вазирлик мутасаддилари ҳамда Elsevier компаниясининг ҳудудий раҳбарлари Алия Оспанова, Coen van der Krogt ва Дмитрий Султанов олиб бордилар.
 
Алия Оспанова “Proofreading” хизматининг ўзига хослиги, муаллифларнинг мақола ёзишда эътибор қаратиши лозим бўлган томонлари, мақолаларнинг умум қабул қилинган талабларга мослаштириш ҳақидаги маърузаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Бунда у юқори рейтингга эга илмий хорижий журналларда мақолалар чоп этишда эътиборга олинадиган жиҳатлари ҳақида маълумот берди.
 
Таъкидлаш жоизки, “Рroofreading” хизмати бу мақолани текшириб, юқори рейтингга эга журналлар талабига мос ҳолда тайёрлаш хизматидир. Ушбу хизматдан Ўзбекистон Республикасида фаолият юритаётган барча ташкилотлардаги илмий фаолиятини олиб бораётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар бепул фойдаланишлари мумкин. Мақолалар “Рroofreading” хизматини тақдим этувчи компаниянинг техник талабларига мос келсагина, қабул қилинади. Техник талабларга жавоб бермаган мақолалар аризачига қайтарилади. Шу ўринда “Рroofreading” хизмати фаолияти билан таништириш, мақола тайёрлаш ва уларни юқори рейтингга эга журналларда чоп этиш билан боғлиқ масалалар бўйича маълумот беришда вазирлик мутахассислари фаоллик кўрсатаётгани қайд этиш мумкин.
 
Семинарда иштирок этаётган ёш олим ва мутахассислар томонидан берилган кўплаб саволларга батафсил жавоб берилди.