Янгиликлар

Германиянинг Ерни тадқиқ этиш марказида ўзбекистонлик ёш олим Марказий Осиё минтақасидаги сув танқислиги муаммосига доир лойиҳани амалга оширмоқда

Германия Федератив Республикаси илмий-тадқиқот муассасалари ва университетларининг фаолиятини ўрганиш, инновацион экотизими билан танишиш, тажриба орттириш,мақсадида Олмонияга сафарига чиққан ёш олимларнинг навбатдаги ташрифи Потсдам шаҳридаги Гельмгольц номидаги Геодезия илмий маркази (GFZ)га бўлди. Бу марказ яна Германия Ерни тадқиқ этиш маркази ҳам деб аталади.
 
Мазкур марказ 1992 йили ташкил этилган ҳисобланса-да, 19-асрдан табиий фанларни ўрганишга ихтисослашган Потсдам илмий-тадқиқот муассасаларининг анъаналарини ўзида мужассам этган. Ҳозирги кунда мазкур марказ бошқа геодезия ва геотехник институтлари билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Марказ сунъий йўлдошлар ёрдамида ернинг устки қатламидан то Ер шари ядросигача ўрганади, гравитация, сейсмик тўлқинлар, иқлим масалалари билан шуғулланади. Марказнинг асосий мақсади эса сайёрамизнинг қаттиқ қатламини ўрганиб, жамият олдида турган улкан муаммоларнинг ечимини ишлаб чиқишдан иборат. Ердаги фаол жараёнлар туфайли юз бериши мумкин бўлган хатарларни олдиндан аниқлаш, мазкур хатарларни инсон ҳаётига таъсирини камайтириш, жамият ҳаётини глобал ўзгаришларга мослаштириш, тобора ўсиб бораётган аҳолининг энергия ва минерал ресурсларга бўлган талабини атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда қондириш каби улкан вазифалар ҳам марказ олдига қўйилган.
 
Бу вазифаларни амалга ошириш учун тадқиқот маркази томонидан геодезия, геофизика, геология, минералогия, геокимё, физика, геоморфология, геобиология, математика ва муҳандислик соҳаларида кенг миқёсли билимлар тўпланган. Марказ улкан ускуналар мажмуалари, катта майдонлар ва обсерваториялар, шунингдек, маълумотлар ва таҳлилий инфратузилмаларидан фойдаланади.
 
Марказ ташриф давомида ёш олимлар технологиялар трансфери, инновациялар, бизнес ҳамкорлик, трансфер фаолияти ҳақида тушунчаларга эга бўлдилар.
 
Мазкур марказда фаолияти кенг қамровли бўлиб, унда 2008 йилдан бери “Марказий Осиёда Сув” (CAWa) ҳудудий тадқиқот лойиҳаси олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа тадқиқотчиларидан бири ҳамюртимиз Аброр Ғафуров Германияга ташриф буюрган ёш олимлар билан учрашиб, уларни амалга ошираётган лойиҳаси билан таништирди.
 
А. Ғафуровнинг фикрича, бугунги кунда Марказий Осиёда юзага келган глобал муаммо — сув тақчиллиги, сувнинг сифатининг тушиб кетгани, сувдан оқилона фойдаланмаслик масалаларини барча Марказий Осиё билан давлатларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари билан ҳал этиш мумкин. CAWa лойиҳаси Марказий Осиёда сув ресурсларини бошқаришнинг барқарор стратегиясини ишлаб чиқиш учун ишончли илмий ва ҳудудий асос бўлиб хизмат қилади. Лойиҳа доирасида йиғилган маълумотлар билан http://sdss.caiag.kg сайтида танишиш ва улардан фойдаланиш мумкин.
 
Лойиҳа тоғли ҳудудларда гидрометереологик кузатувларни олиб бориш, сув омборларини мониторинг қилиш, масофадан туриб ер майдонларидан фойдаланиш тартибини, суғориш кўламини, экинлр тури ва ҳосил мтқдорини аниқлаш, қор қопламлари қалинлигини ўлчаш, ёғингарчиликнинг прогноз алгоритмини тузиш билан шуғулланади. Лойиҳа доирасида олинган маълумотлар сайтга жойлаштирилган бўлиб маълумотлар очиқ ҳисобланди.
 
Бошқа кўплаб ташкилотлар қаторида Марказий Осиё сув хўжаликлари Давлатлараро мувофиқлаштирувчи комиссиясининг илмий-ахборот маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Гидрометериология хизмати маркази лойиҳанинг ҳамкорлари саналади.
 
Бундан ташқари, Германиянинг таълим ва илмий тадқиқотлар федерал вазирлиги, GFZ, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Гидрометериология хизмати маркази билан ҳамкорликда, “Water Forecast” лойиҳасини ишга туширди. Бу лойиҳа сув бошқаруви,  геодезия соҳаси мутахассисларининг малакасини оширишга қаратилган.