Янгиликлар

Осиё пахтачилик тадқиқот ва тараққиёт тармоғининг 8-йиғилишида Инновацион ривожланиш вазири юртимизда ғўза биотехнологияси соҳасидаги ютуқлар ҳақида сўзлади

Осиё пахтачилик тадқиқот ва тараққиёт тармоғининг 8-йиғилиши пойтахтимизнинг Интреконтинентал меҳмонхонасида бўлиб ўтмоқда. Жорий йилнинг 9—11сентябрь кунлари ўтказилаётган мазкур тадбир Пахта бўйича халқаро маслаҳат қўмитаси (International Cotton Advisory Committee — ICAC ) томонидан “Ўзтўқимачиликсаноат“ уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо нвазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган.

ўтказилган Осиё пахтачилик тадқиқот ва тараққиёт тармоғи йиғилишида Ўзбекистон, Покистон, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Франция, Сингапур каби давлатлардан олимлар ва мутахассислар соҳадаги энг илғор ютуқлар ҳақида маълумотлар бердилар, соҳадаги янгиликлар билан ўртоқлашдилар. Хусусан, қурғоқчилик шароитида пахта етиштириш, уруғчилик, селекция, биотехнологиялар, суғориш тизими, нано-технологиялар тўғрисидаги чиқишлар тингловчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Осиё пахтачилик тадқиқот ва тараққиёт тармоғининг 8-йиғилиши иштирокчиларини қутларкан, мазкур тадбир халқаро ҳамкорликни ривожлантиришига ҳисса қўшишни таъкидлади.

— Ушбу халқаро илмий семинарнинг асосий мақсади жаҳон пахта ва тўқимачилик саноатини ривожлантиришда энг муҳим масалаларни ҳар томонлама муҳокама қилиш, экспортчилар ва тола истеъмолчилари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, мамлакатлар ўртасида ўзаро манфаатли илмий-техникавий ва савдо ҳамкорлик истиқболларини аниқлашдан иборат, — деди вазир. — Ўзбекистон учун пахта иқтисодий салоҳиятнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Мамлакатимиз дунёдаги энг йирик пахта толаси ишлаб чиқарувчи ва махсулот экспортчиларидан бири сифатида пахта комплекси тармоқларини доимий янгилаш ва модернизация қилиш, пахта билан боғлиқ тузилмаларнинг самарали ишлашини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, инвестицияларни жалб этиш ва ташқи иқтисодий алоқаларни ўрнатишдан манфаатдор. Бугунги кунда республикамизда пахта маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ҳамда сотиш бўйича замонавий комплексни яратилмоқда ва йиғилишимиз доирасида бунга ўзингиз амин бўласиз.

Иброҳим Абдураҳмонов, шунингдек, “Ғўза биотехнологиясида ютуқлар” мавзусида маъруза қилиб, молекуляр маркерларга асосланган замонавий ген ва ҳужайра муҳандислиги асосида яратилган ғўза навлари, геном селекцияси асосида атроф муҳит ва инсон учун зарар бўлмаган, зараркунандалар ва касалликларга чидамли, турли тупроқ-иқлим шароитларига мослашган пахтанинг янги навлари, бирламчи уруғчиликни ташкиллаштириш ҳамда ҳар хил шароитларда синовдан ўтказиш ва илмий ишланмалар натижаларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш ҳақида сўз юритди.

Тадбирнинг хорижий иштирокчиларига Буюк Ипак йўлининг қадимий савдо йўналишлари кесишмасида жойлашган давлатлардан бири бўлмиш Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси билан танишиш имкониятини ҳам яратдилар. Самарқанд ва Бухорога бизнес-саёҳатлар Ўзбекистонни пахта толаси ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда етакчи ўринларга эга бўлишини таъминлаётган, юритаётган мутахассислар, фермерлар, ишчиларнинг пахта комплексида фаолиятлари билан танишадилар.