Янгиликлар

“ЯКласс” пилот лойиҳасига старт берилди

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан пойтахтимиздаги Мирзо Улуғбек ва Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари, Юнусобод туманидаги 9-сонли умумтаълим мактаблари педагогик жамоасига ва ўқувчиларига Россия Федерациясининг жаҳонга машҳур бўлган “Сколково” технопарки резидентларидан бири бўлмиш “ЯКласс” компанияси томонидан яратилган https://www.yaklass.ru интернет-порталидан тўлиқ фойдаланиш имконияти яратилди.

Мазкур лойиҳа ўқувчиларни таълим муассасаларда олаётган билимларини мустаҳкамлаш, ёшларнинг илм эгаллашга бўлган иштиёқи ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, илм-фанни ўзлаштиришга бўлган рағбатини юксалтириш, педагог ходимларнинг малакасини ошириш, ўқувчиларга қўшимча вазифалар бериш имкониятини беради.

Таъкидлаш жоизки, Инновацион ривожланиш вазирининг 2019 йил 18-20 ноябрь кунлари Россия Федерацияси Москва шаҳрининг “Сколково” технопаркига ташрифи давомида “ЯКласс” компанияси билан бир қатор масалалар юзасидан келишувларга эришилган эди. Шу муносабат билан “ЯКласс” компанияси тажриба лойиҳаси сифатида Мирзо Улуғбек мактаб-интернатида 7-10 синф жами 76 нафар ўқувчи ҳамда 14 нафар педагогик ходимлар, Абу Али ибн Сино мактаб-интернатида 7-10 синф жами 150 нафар ўқувчи ва 22 нафар педагог ходимлар, Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 9-сонли умумтаълим мактабининг 5-8 синф жами 60 нафар ўқувчи ва ўқитувчиларга пилот лойиҳаси жорий этилмоқда.

ЯКласс – бу мактаб ўқувчилари, ўқитувчилари ва ота-оналар учун таълим берувчи интернет-ресурс. ЯКласс ўз ишини 2013 йилда бошлаган. Бугунги кунда Россия, Латвия, Арманистон, Австрия, Финляндия, Германия, Қозоғистон ва Беларус Республикасидаги 40 мингга яқин мактабнинг 2 миллион ўқувчиси мазкур онлайн платформадан фойдаланмоқда.