Янгиликлар

Инновация лабораториясида Жаҳон банки вакиллари билан очиқ маълумотларга талаб масаласи муҳокама қилинди

30 сентябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ташкил этилган Инновациялар ва бошқарув ечимлари лабораторияси доирасида “Ўзбекистонда очиқ маълумотларга талаб: муаммолар ва имкониятлар” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Абу Райҳон Беруний номидаги Бошқарув ва бизнес республика олий мактабида бўлиб ўтган мазкур тадбирда Ўзбекистонда очиқ маълумотлар базасидан фойдаланиш тизимидаги муаммолар хусусида сўз юритилди. Тадбирда давлат идоралари вакиллари, тадқиқот марказлари ва ОАВ вакиллари ҳамда дастурчи-мутахассилар иштирок этдилар.

Мазкур давра суҳбати “Рақамли Ўзбекистон – 2030” концепцияси ҳамда рақамли ҳукумат ва очиқ маълумотлар концепциясини яратишга қаратилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, ҳукумат органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотларнинг стратегик аҳамияти, юртимиз иқтисодий ва ижтимоий жиҳатлардан кўпроқ фойда олиши учун очиқ маълумотларга талаб ва таклиф масалалари муҳокама этилди.

Очиқ маълумотлар бу исталган мақсадда фойдаланилиши ёки қайта фойдаланилиши мумкин бўлган маълумотлар бўлиб, улар ҳукумат ва иқтисодиётнинг турли соҳалари вакилларига қўшимча иқтисодий фойда кўришга хизмат қилади. Бундан ташқари, очиқ маълумотлар орқали йиллик кўрсаткичларни ва ўсиш суръатларини таҳлил қилиш мумкин.

Мулоқот чоғида Жаҳон банки экспертлари Влад Мониал, Стела Лаука ва Олег Петров мамлакатимизда рақамли ҳукуматни шакллантиришда очиқ маълумотлар бўйича ислоҳотларни ижобий баҳолади. Шунингдек, бу соҳада амалга оширилиши керак бўлган қатор ишлар мавжудлиги, бу соҳадаги тўсиқлар ва муаммоларни бартараф этиш бўйича мунозара қилинди.

Очиқ маълумотлар ташаббуси 2015 йилдан амалга ошириб келинмоқда. Ташаббусни жамоатчилик қўллаб-қувватлади, ҳозирга қадар 130 дан ошиқ давлат органлари очиқ маълумотлар порталида (data.gov.uz) ўз маълумотларини эълон қилдилар.

Бу жараёнда барча давлат органлари, хусусий сектор, ОАВ, илмий давралар, фуқаролик жамияти институтларини янада фаол иштирок этишларини таъминлаш муҳим саналади.

— Сўнгги йилларда Ўзбекистон ахборот эркинлиги соҳасида сезиларли эркинликларга эришди, – деди Жаҳон банки мутахассиси. — Бироқ ҳалигача очиқ маълумотларни оммага ҳавола этиш бўйича бошқарув тизимида камчиликлар мавжуд. Норматив-ҳуқуқий базани соддалаштириш орқали маълумотлардан фойдаланишдаги тўсиқларни йўқотиш, маълумотларни очиқлик ва ёпиқлик хусусиятига кўра аниқ классификациялаш, иқтисодий ўсишга хизмат қиладиган маълумотларнинг очиқ ва аниқ бўлишини таъминлаш бугунги кун талабидир.

Очиқ маълумотларнинг эълон қилиниши ва улардан фойдалана олиш имкониятининг яратилиши давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини, жамоат назоратини амалга ошириш, шунингдек, жисмоний шахслар ва тадбиркорлар учун янги хизматлар ишга туширилишини таъминлайди.

Эндиликда ҳар бир давлат органи учун очиқ ва чекланган маълумотларни инвентаризация қилиш, уларнинг қай бири очиқлигини аниқлаб, эълон қилиш режаларини тузиш лозим. Шунингдек самарали ва юқори самарали маълумотлар мажмуасини аниқлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Масалан, корпоратив маълумотлар, давлат харидлари ва бюджет маълумотлари, транспорт, таълим соҳалари бўйича маълумотлар шулар жумласидандир.

Тадбирда кўра очиқ маълумотлар стратегиясини ишлаб чиқиш, очиқ маълумотлар базасига киритадиган масъулларнинг ваколатлари ва имкониятларини ошириш, маълумотлардан фойдаланиш учун ҳақ тўлаш масаласини ўрганиб чиқиш, мамлакатимизда очиқ маълумотлар ресурсларини ривожлантириш борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш зарурияти иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.