Янгиликлар

БМТ ТД ва Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда Акселаратор лабораторияси ишга тушди

Жорий йилнинг 7 октябрь куни БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт Дастури Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда «Акселератор лабораторияси» деб номланган янги ташаббусни йўлга қўйди. Мазкур лабораторияни расман ишга тушириш маросими Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида бўлиб ўтди. Тадбирда БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска ҳамда  Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров иштирок этди.  
БМТ Тараққиёт Дастурининг Акселератор лабораториялари – ХХI асрнинг ривожланиш масалаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш  мақсадида одамлар, ҳукуматлар ва хусусий сектор билан фаол ҳамкорлик қилишни назарда тутадиган янги  хизмат туридир. Акселератор лабораториялари тармоғи Африка, Шарқий Европа, Осиё ва Тинч океани, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси давлатларидаги  60 та гуруҳдан ташкил топган. Ушбу лабораториялар ривожланиш муаммоларини тадқиқ қилиш билан бир вақтнинг ўзида шуғулланади. Маҳаллий шароитдан келиб чиққан ҳолда муаммоларнинг энг самарали ечимларини ўрганиш ва уларни ҳаётга тадбиқ қилиш суръатларини жадаллаштириш мумкин бўлади. Анъанавий мониторинг ва баҳолаш усуллари асосида муайян ечим нақадар самарали ишлаётганини билиш учун камида икки йил талаб этилиши мумкин бўлса, Акселератор лабораториялари воситасида мазкур муддатни бир неча ой ёки ҳафтагача қисқартириш мумкин.
«Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари орасидан айнан Ўзбекистон Лабораториялар Акселератори учун танлангани бежиз эмас. Ўзбекистон кенг кўламли ислоҳотлар йўлига қадам қўйди ва ўзининг ривожланиш стратегиясида инновациялар, технологиялар ва янги ёндашувларни жорий этди» — деб таъкидлади БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска хоним.
Бундай лабораториялардан бири Ўзбекистонда Қатар давлати ва Германия Федератив Республикаси кўмагида ўз миссиясини бошлади. Ўзбекистонда Лабораториялар Акселератори ҳудудларда экологик инновациялар ва технологияларни янада кенгроқ қўллаш истагини қўллаб-қувватлайди. Бундан ташқари, янги ғояларни аниқлаш, такомиллаштириш ва синовдан ўтказиш орқали жорий инновацион лойиҳалар портфелини кенгайтиради. Инсон фаровонлиги учун энг яхши ечимларни таклиф қилиш мақсадида, Лабораториялар Акселератори жамоаси аъзолари катта ёндашувларни катализация қилишга тайёр.
—  Ўзбекистон БМТ ТД ўз акселератор лабораторияларини ташкил этган 60 та давлатлардан бири эканимиз қувонарлидир, – деди Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров. – Акселератор лабораторияси Ўзбекистон Инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадарига эришиш учун ҳамкорлик қилишда платформа вазифасини ўташи кутилмоқда. Шунингдек, мазкур лаборатория Ўзбекистон инновацион потенциалини мустаҳкамлашига хизмат қилишига умид қиламан.
БМТ ТД сўнгги 26 йил мобайнида иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларига билим олиш, тажриба орттириш ва ресурслар фойдаланишда кўмаклашиш мақсадида қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Тадбирда  ҳукумат вакиллари, ноҳукумат ташкилотлари, халқаро ҳамкорлар, дипломатик миссиялар ва экспертлар иштирок этиб, Лабораториялар акселераторининг миссияси ва мақсадлари, шунингдек, келгуси давр учун иш режаси билан танишдилар.
Лаборатория ривожланиш муаммоларини ҳал қилиш учун миллий ва халқаро ҳамкорлар билан яқин ҳамкорликда ишлайди.