Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги Ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши ўтган ой декабрь ойида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган янги таркибда ўтказилди. Йиғилишга инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов раислик қилди.

Ҳайатда Илмий-техник кенгашлар томонидан экспертизадан ўтказилган ва молиялаштиришга тавсия этилган амалий ва инновацион лойиҳалар Ҳайъат аъзолари томонидан муҳокама қилинди. Лойиҳалар бўйича тегишли Илмий-техник кенгашлари раҳбарларининг фикрлари тингланиб, саволларга жавоблар олирнганидан сўнг, Ҳайъат аъзолари лойиҳаларни молиялаштириш бўйича қарорларни очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилдилар.

Таъкидлаш жоизки, вазирлик томонидан 2018 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида инновацион ҳамда амалий лойиҳалар танловлари мунтазам эълон қилиб келинмоқда. Танловга келиб тушган лойиҳалар вазирликнинг тегишли бошқармалари томонидан дастлабки техник экспертизадан ўтказилади. Ижобий хулоса берилган лойиҳалар Илмий-техник кенгашларга ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказиш, молиялаштиришга тавсия этилиши ёки тавсия этилмаслиги бўйича тегишли қарор чиқариш учун тақдим этилади.

Йиғилишда, шунингдек, “Tech Central Asia” халқаро акселерация дастурига лойиҳаларни танлаб олиш комиссияси қарорига кўра молиялаштиришга тавсия этилган лойиҳалар рўйхати ҳам тасдиқланди.

Молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича маълумотлар вазирлик веб-сайтига жойлаштирилади.