Янгиликлар

Германия ёш олимларимизни илиқ кутиб олди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Германиянинг таълим ва тадқиқотлар бўйича федератив вазирлиги билан ҳамкорликда Германия тадқиқот институтларида икки ҳафта давомида малака ошириши учун танлов асосида саралаб олинган 13 нафар ўзбекистонлик ёш олимлар стажировканинг биринчи куни Бют амалий фанлар университети ҳамда Лейбниц илмий ассоциациясига ташриф буюрдилар.
Ўзбекистонлик ёш олимларни Бют университетнинг илмий тадқиқотлар бўйича вице-президенти проф. Кохлер кутиб олди ва университет билан таништирди. Университетда бугунга кунда 13 000 нафарга яқин талабалар 70 дан зиёд бакалавр ва магистрлик курсларида таҳсил олмоқдалар. Асосан аниқ фанларни ўқтишга мўлжалланган илм даргоҳида ҳам назарий, ҳам амалий билимлар берилади. Бўлажак муҳандисларга профессор-ўқитувчилар билан бир қаторда ишлаб чиқаришда бевосита фаолият юритадиган мутахассилар томонидан сабоқ берилиши мазкур университетнинг ўзига ҳос жиҳатларидандир. Талабаларнинг ишлаб чиқаришда амалиёт ўташлари эса ўз навбатида уларнинг бўлғусида иш жойи билан таъминланишларига ижобий таъсир кўрсатади. Шу билан қаторда ҳар бир университет битирувчиси ўз илмий лойиҳаси бўлган тақдирдагина университет дипломини қўлга киритиши мумкин. Шунингдек, иқтисодиётнинг реал сектори билан мустаҳкам алоқаларнинг ўрнатилгани саноат, иқтисодиёт соҳасида мавжуд муаммоларни илмий асосланган ечимини топишга хизмат қилади.
Бют университетида таълим барча федерал университетлар каби бепул бўлиб, талабаларга транпорт, турар-жой ҳаражатлари бўийча ҳам қатор имтиёзлар кўзда тутилган. Бу ерда хорижий талабаларнинг ўқиши ҳам бепул экани диққатга сазвордир. Фақат талабалар олмон тилини мукаммал билсалар кифоя. Университет доирасида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот ишларининг ҳаражатини ярми федерал бюджет хисобидан қопланса, қолган ярмини тадқиқот буюртмачиси тўлайди.
Университет мутасаддилари халқаро ҳамкорлик борасида алоҳида тақдимот ўтказиб, Ўзбекистон билан ҳам таълим, илм-фан соҳаларида ҳамкорлик қилишга қизиқишлари борлигини қайд этдилар. Ёш олимлар ўз навбатида университетдаги стартап-инкубаторлар, илмий-текшириш лабораториялари, грантлар тизими ҳақида ҳам маълумотлар олдилар. Университет бошқаруви, умуман Германиядаги таълим менеджменти ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг диққат марказида бўлди.
Куннинг иккинчи ярмидаа тадқиқотчиларимиз Лейбниц ассоциацияси профессори Вероника Таннер билан учрашдилар. Таннер хоним 95 та мустақил илмий муассалаларни ўз ичига оладиган Лейбниц ассоциацияси фаолияти ҳақида сўзлади. Лейбниц ассоциацияси аъзолари бешта йўналиш бўйича иш олиб борадилар, булар “гуманитар ва таълим”, “иқтисод, ижтимоий фанлар”, “табиий фанлар”, “математика ва муҳандислик” ҳамда “атроф муҳит муҳофазаси” йўналишларидир. Мазкур секцияларнинг асоосий вазифаси ҳамкорлик ва тажриба алмашиш, ушнингек ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлашдан иборат.