Янгиликлар

Ўзбекистонлик ёш олимларни Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси қабул қилди

Жорий йилнинг 7 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацон ривожланиш вазирлиги ҳамда Германиянинг таълим ва тадқиқотлар бўйича федератив вазирлиги билан ҳамкорликда Берлин шаҳрига стажировка мақсадида етиб келган 13 нафар ёш олимни Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчиси Набижон Қосимов қабул қилди. Набижон Қосимов Ўзбекистондан ташриф буюрган олимларни қутлаб, уларнинг ишларига муваффақиятлар тилади.
– Аввало, сизларни Германияга Ўзбекистон илм-фанини ривожлантириш учун келиш бахтига муяссар бўлганингиз билан қутлайман, – деди элчи. – Германия кўплаб университетлари, илмий марказлари билан машхур. Икки ҳафталик сафарингиз чоғида анча нарсаларни ўрганишингиз, тажриба орттиришингизга ишонаман. Бунинг учун сиздан имкон қадар фаоллик, атрофга теран назар солиш ва иштиёқ талаб этилади. Мазкур сафар чоғида эришган натижаларингиз илм-фан соҳасидаги Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлигидаги бошқар лойиҳалар учун йўл очиб беришини унутмаслигингизни истардим.
Жаноб элчи, шунингдек, Ўзбекистон—Германия техник университетини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилаётганини ва унда айнан олмон таълим тизими жорий этилиши кўзда тутилаётгани ҳақида гапирди. Ҳозир университет стратегияси ишлаб чиқилаётган бўлиб, бу олий ўқув масканида нафақат ўзбекистонлик ёшлар балки қўшни давлатлар фуқароларининг ҳам билим олиши учун шароитлар яратилади.
Набижон Қосимов меҳмонларга элчихона фаолияти, у ерда қилинаётган ишлар ҳақида гапираркан, ўтган йили ноябрь ойида элчихона томонидан ўтказилган “Инновацион ғоялар” тадбирига алоҳида тўхталди. Мазкур анжуманда Германияда истиқома қилувчи университет талабалари ва битирувчилари томонидан тайёрланган 19 та лойиҳа тақдимоти ўтказилди. Мазкур лойиҳаларнинг бари Германия ва Ўзбекистон давлатлари ўртасида илмий, иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилгани диққатга сазовордир. Шунингдек, элчихона дипломатлари томонидан бугунги кунда икки давлат университетлари, шифохоналари ўртасида бевосита алоқалар ўрнатиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Бунда малака оширишга келаётган мутаахассилардан олмон тилини мукаммал билиш талаб қилиниши алоҳида таъкидланди.
Учрашув сўнгида ўзбекистонлик ёш олимлар элчихона биноси ва у жойлашган ҳудуд билан танишдилар. Дунёдаги энг катта ва чиройли элчихоналаримиздан бўлган Германия элчхонаси делегация аъзоларида катта тассурот қолдирди.
Ўзбекистон Республикасининг Берлиндаги элчихонаси биноси 2001 йилнинг 3 апрелида очилган, бироқ бино 1879-80 йилларда қурилган тарихий обидадир. Бино учта полк жойлашган казармаларнин бир қисми бўлиб, унда офицерлар дам олиши учун фойдаланилган. Элчихона худудида 1870–71 йиларга доир Пруссия бургути ҳайкали ўрнатилган устун ҳам бор. Иккинчи Жаҳон урушидан кейин ресторан сифатида фойдаланилган зобитлар боғи ва биноси ресторанга айлантирилиб, энди унга оддий халқ ҳам кириб чиқиш имконига эа бўлган. Бироқ 1999 йил мазкур объект Ўзбекистон Республикаси ҳукумати қарори билан сотиб олингунга қадар 15 йил давомида бино қаровсиз бўлган. Элчихона ҳудуди 8.300 м² майдонни эгаллайди. 2.500 м²ли улкан бино эса Германия ёдгорликлар химоя қилиш жамияти томонидан қўриқланади.
Элчихона ҳовлисида қад ростлаган миллий кўринишидаги айвонни кўрган инсон борки, ўзини Ўзбекистондагидек хис қилади. Ўзбекистонлкиларниннг миллий ғуурурни уйғотувчи, хорижликларда эса юртимизнинг рангин жилоларидан баҳраманд бўлишга ундовчи мазкур иншоот 2003 йили ўша пайтда Самарқанд вилояти ҳокими бўлган Президентимиз Шавкат Мирзиёв ёрдамида барпо этилгани билан ҳам диққатга сазовордир.