Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири олимлар билан учрашди

Инновацион ривожланиш вазири, биология фанлари доктори, профессор, академик И. Абдураҳмонов 7 февраль куни кимё, биология, фармацевтика, геология фанлари бўйича олимлар, мутахассислар, докторант, тадқиқотчи ва талабалар билан учрашди.

– Ўзбекистондаги мавжуд биология, геология ва кимё илмий мактаблари Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқларидан бири бўлиб, мамлакатимиз иқтисодиётининг барча соҳалари ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда, – деди вазир ўз нутқида. – Бундан ташқари, геномика, биоинформатика, молекуляр генетика ва аллергология, ерни масофадан зондлаш, замонавий геофизик усуллар, юқори молекуляр бирикмалар кимёси ва катализ каби янги илмий соҳалар муваффақиятли ривожланмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирда Ўзбекистон биотехнологик маҳсулотларни тадқиқ этиш ва ривожлантириш бўйича салмоқли илмий салоҳиятга эга. Молекуляр биология ютуқларига асосланган биотехнологиялардан фойдаланиш озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таннархини пасайтиришни таъминлайди; атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини сезиларли даражада яхшилаш ва такомиллаштиришга имкон беради; биомедицинанинг ривожланишига ҳамда янги самарали ва арзон биофармацевтика пайдо бўлишига олиб келади.

Вазир билан учрашув саволлар, таклифларга бой бўлди, иштирокчилар ўзлари фаолият юритьаётган соҳалардаги муаммолар юзасидан фикрларини баён этиш имкониятига эга бўлдилар. Фармацевтика соҳаси вакиллари клиник тадқиқотларга ҳам маблағ ажратиш юзасидан таклифларни ўртага ташладилар. Мазкур масаланинг ҳал этилиши юртимиз олимлари томонидан яратилган дори воситаларини сифатли ва арзон нархларда ишлаб чиқишига хизмат қилиши айтилди. Шу ўринда, битта препаратни ишлаб чиқариш узоқ муддат ва катта маблағлар талаб қилишини, ҳар доим ҳам маҳаллий тадқиқотчилар томонидан таклиф этьилаётган фармацевтика маҳсулотлари жаҳон талабларига тўғри келмаслиги ҳам қайд этилди. Дунё бозорига ҳам йилига 100 тадан кам янги дори препаратининг чиқиши ҳам, бу жараённинг мураккаблигидан далолатдир.

Тиббиёт соҳаси вакиллари марказлаштирилган йирик вибарий (тиббиёт ва биология лабораториялари учун тажриба сифатида ишлатиладиган ҳайвонлар сақланадиган жой) ташкил этиш таклифи билан чиқдилар. Ҳозирда юртимизда мавжуд вибарийлар замонавий ускуналар билан таъминланмагани, ҳайвонларнинг турлари камлиги ва шароитлар яратилмагани боис, илмий ва амалий лабораторияларда ўқув, текширув ва тадқиқот ишларини олиб бориш қийинчилик туғдирмоқда. Иброҳим Абдураҳмонов вибарий яратишга қаратилган лойиҳа ишлаб чиқиб, вазирликка тақдим этиш бўйича топшириқ берди.

Учрашув давомида ёшлар томонидан илм-фанни тарғиб қилиш, олимларни халққа танитиш мақсадида йилда бир маротаба республика доирасида “Илмий фестиваль” ташкил этиш таклиф берилди. Вазир бу таклифни қўллаб-қувватлаб, ушбу тадбирнинг ўтказилиши бўйича ташкилий масалаларга ташаббускор ёш олимларни масъул этилишини билдирди.

Шунингдек, токсикологик лаборатория ташкил этиш, штаммларни стандартлаштириш, олимларимиз томонидан яратилган импортнинг ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, миллий лойиҳаларни мувофиқлаштиришнинг янги тизимни ташкил этиш каби каби кўплаб таклифлар берилди.

Учрашувда берилган таклифлар, саволлардан келиб чиқадиган янги фикрлар умумлаштирилиб, агро -, озиқ-овқат, шу жумладан, фудо-микс, био-тиббиёт ва биотехнологиялари йўналишларини комплекс ривожлантиришга қаратилган ҳамда кимё ва биология илм-фанини ривожлантиришга доир тегишли қарорлар лойиҳасига киритилиши айтиб ўтилди.