Янгиликлар

Рақамли иқтисодиётни шакллантиришда “Ақлли шаҳар”ларнинг ўрни

Бугунги кунда барча соҳаларда рақамли хизматларни ташкил этиш асосида рақамли иқтисодиётни шакллантириш асосий мақсадларимиздан биридир. Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Шу билан бирга Давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилашга эришиш кўзда тутилади.

Жорий йилнинг 7 февраль куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Жаҳон банки экспертлари ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги Амити Унверситетида Жанубий Кореянинг “Пусан Ақлли шаҳар” бош архитектори ва муаллифи, техника фанлари доктори Жон-Сунг Хван ва бошқа жанубий кореялик етук мутахассислар иштирокида “Ақлли шаҳар” технологияларини жорий қилиш бўйича семинар ташкил этилди.

“Пусан Ақлли шаҳри”да рақамли технологияларнинг ишлаш механизм ҳамда шаҳарни рақамли бошқаришда бошқа шаҳарлардан устунлиги ва унинг фаолияти тўғрисида доктори Жон-Сунг Хван маъруза қилди. Тадбир доирасида ташкил этилган панел муҳокамаларда инновацион ривожланиш вазир ўринбосари Азимжон Назаров, Жаҳон банкининг рақамли тараққиёт бўйича катта мутахассис Сунён Ким, Жаҳон банкининг рақамли ишланмалар бўйича бош мутахассис Михаил Бунчук, “Smart chain” компанияси директори Бобур Раҳимов иштирок этди. Семинар давомида мамлакатимизда “Ақлли шаҳар” технологияларини жорий этишдаги мавжуд муаммолар, хорижий тажрибадан келиб чиқиб, мувафаққиятли натижаларга эришишга қаратилган амалий тадбир ва йўналишлар белгилаб олинади.

Семинардан сўнг тор доирада кореялик мутахассислар ва Жаҳон банки вакиллари иштирокида республика вазирлик ва идора вакиллари ақлли шаҳарларни барпо этиш бўйича ўзаро тажриба алмашишди. “Ақлли шаҳар” концепциясини амалга оширишда шаҳар хизматлари ва давлат органлари билан ҳамкорликда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали аҳолининг фаоллигини ошириш, сув ва энергия ресурслари сарфини камайтириш, транспорт инфратузилмаси тирбандлигини камайтириш, аҳоли яхши яшаши учун қулай шароитлар яратиш йўлида бир қатор ижобий натижаларга эришиш кутилмоқда.

Куннинг иккинчи ярмида эса кореялик меҳмонлар иштирокида Инновацион ривожланиш вазирлигида ташкил этилган “Инновациялар ва бошқарув ечимлари лабораторияси”да учрашув бўлиб ўтди. Унда “Ақлли шаҳар” концепцияси учун норматив-меъёрий хужжатлар тайерлаш ҳамда Жаҳон банки лойиҳаси асосида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда "Ақлли шаҳар" Концепциясини жорий қилиш бўйича ташкил этилган ишчи гуруҳ таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар вакилларининг ақлли шаҳарлар бўйича Жанубий Корея тажрибасини ўрганиш мақсадида Пусан шаҳрида малака ошириш масаласи муҳокама қилинди.