Янгиликлар

Ротавирусга қарши сифатли вакцина Ўзбекистонга арзонлаштирилган нархларда олиб кирилади

“Жўшқин Гужарат – 2019“ Халқаро инвестицион саммити доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ҳиндистоннинг Bharat Biotech компанияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги битимга кўра, Bharat Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқилган ротавирус инфекциясига қарши янги Rotavac вакцинасини етказиб беришга келишилган эди.

Бугунда инновацион ривожланиш вазирлиги ва Bharat Biotech компанияси ўртасида олиб борилган музокаралар натижасида Ўзбекистон Республикасига ушбу вакцинанинг 1 дозасини 0,85 АҚШ долл. нархида етказиб бериш бўйича келишувга эришилди. Ўтган давр мобайнида ротавирусга қарши вакциналарнинг 30 фоизи UNICEF вакцинация дастурининг ҳамкори Глобал вакцинация ва иммунизация альянси (GAVI) томонидан молиялаштирилиши ҳисобига вакцинанинг 1 дозаси 2,29 АҚШ долл. нархда харид қилинган.

Шунингдек, вазирлик томонидан Bharat Biotech компаниясига Rotavac вакцинасини Ўзбекистон давлат рўйхатидан ўтказишда амалий ёрдам кўрсатилди. Ротовирус инфекциясига қарши қўлланиладиган Rotavac вакцинаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қайта квалификациядан ўтган бўлиб, уни жаҳоннинг барча давлатларида қўллашга рухсат берилган. Bharat Biotech компанияси бир қатор халқаро компаниялар ва жамғармалар билан ҳамкорлик натижасида мазкур вакцинани 2014 йили Ҳиндистон бозорига таклиф этишга муваффақ бўлган. Компания берган маълумотларга кўра, уни яратиш учун 200 миллион АҚШ доллари инвестиция қилинган.

Ротавирус асосан чақалоқларда ва кичик ёшли болаларда ошқозон-ичак касаллигини келтириб чиқарувчи вирус бўлиб, организмни сувсизланишига олиб келади. Болаларда касаллик қусиш ва тана ҳароратининг юқорилиги билан кечади. Ротовирус ёки халқона тилда ошқозон гриппи деб аталадиган ушбу касалликка қарши тиббий препаратлар мавжуд бўлмаганлиги боис Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ротавирусга қарши эмлаш амалиётини қўллашни тавсия этади. Ҳиндистоннинг Bharat Biotech компанияси томонидан яратилган юқори сифатли ва иқтисодий самарадорликка эга бўлган Rotavac вакцинаси қатор хорижий мамлакатларда чақалоқларни эмлашда фойдаланилмоқда. Демак, ушбу нисбатан арзон ва сифатли вакцинани очиқ тендерда қатнашиши ва Ўзбекистон бозорига кириб келиши аҳолини эмлаш қамровини янада кенгайтиради, фарзандларимизнинг соғлом ва бақувват ўсишларига хизмат қилади.