Янгиликлар

Олий тиббий таълим тизими ислоҳотлари: стоматология соҳасида инновацион ечимлар

Тошкент давлат стоматология институти томонидан ташкил этилган “Олий тиббий таълим тизимини Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи “хаб”га айлантиришга доир ислоҳотлар” мавзусидаги халқаро ўқув-услубий конференциясида тиббий олий таълим тизими олдида турувчи муҳим вазифалар муҳокама қилинди. XXI аср тиббий таълими: бугунги кун муаммолари, устуворликлари, йўналишлари, муаммолар ва уларни ечимлари, тиббий таълимда инновациялар, стоматология соҳасида кадрлар тайёрлашда инновацион ечимлар, қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш тартиби ва амалга ошириш тажрибаси, тиббий олий таълим тизимини нуфузли халқаро талабларга мослаштириш ва йўналишларни халқаро аккредитациядан ўтказиш каби муҳим мавзуларда маърузалар, мастер-класслар, музокаралар ўтказилди.

Тадбирда Инновацион ривожланиш вазирлиги Таълим ва соғлиқни сақлашга инновацияларни жорий қилиш ҳамда тадқиқ этиш бошқармаси бошлиғи Бахтинур Худанов “Стоматология соҳасида кадрлар тайёрлашда инновацион ечимлар” мавзусидаги маърузаси билан қатнашди.

Бошқарма бошлиғи ўз маърузасида Германия, Норвегия, Буюк Британия, Нидерландия ва Жанубий Корея каби тиббиёт соҳасида илғор мамлакатларнинг стоматология соҳасида амалга оширган ишлари, уларнинг тажрибаси билан таништирди. Шунингдек, ушбу мамлакатларда стоматология соҳасида етук мутахассислар тайёрланишининг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди. Бахтинур Худанов мамлакатимизда стоматология соҳасидаги мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ҳамда шу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, кадрлар тайёрлашнинг ечимлари ва инновацион усуллари ҳақидаги ўз фикр ва мулоҳазалари билан бўлишди.

Бошқарма бошлиғининг таъкидлашича, тиббий олий таълим муассасалари талабаларининг билимини баҳолашнинг стандарт объектив усулларининг мавжуд эмаслиги, таълим ва клиник амалиётнинг интеграцияси бўйича камчиликлар мавжудлиги, талабаларнинг беморларни даволаш жараёнида бевосита иштирокига имконият берувчи ҳуқуқий норматив ҳужжатларнинг такомиллашмаганлиги, тиббиёт соҳасида талабаларни илмий ва инновацион фаолиятга кенг жалб қилиш ишлари ҳамон оқсаётганлиги юқори малакали, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мазкур ҳолатларни қадам-бақадам ҳал этиш юзасидан вазирлик ходими қуйидаги таклифларни билдирди:

— Талабалар билимини баҳолашнинг стандарт объектив усулларининг ҳар бир фан кесимида ишлаб чиқиш. Баҳолаш жараёнида реал беморлар ёки актёрлар иштирокини ташкил қилиш;

— Институт клиникаси шифокорларини таълим жараёнига кенг жалб қилишнинг ҳуқуқий механизмни ишлаб чиқиш;

— Талабаларнинг беморларни даволашларига имконият берувчи ҳуқуқий норматив ҳужжатларни такомиллаштириш. (“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 42-моддасида кўзда тутилган ҳолатда);

— Тиббиёт соҳасида талабаларни илмий ва инновацион фаолиятга кенг жалб қилиш мақсадида “Илм фан ва инновация асослари” фанини таълим дастурларига киритиш.

Мазкур масалалар Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаши орқали ҳал этилиши лозимлиги муҳокама қилинди.

 

Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати