Янгиликлар

Ҳиндистонлик профессор Инновацион ривожланиш вазирлигининг фаҳрий элчиси этиб тайинланди

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ҳиндистоннинг “Nath Bio-Genes (I)” компанияси вакили Др. Кулкарнига Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Ҳиндистондаги фаҳрий элчиси сертификатини топширди.

Др. Венкатеш Н. Кулкарни вазир билан учрашувга қадар Тошкентдаги илмий-тадқиқот муассасалари, Самарқанд, Бухоро шаҳарларидаги агрокластерлар, аграр йўналишида фаолият юритаётган ташкилот ва корхоналарга ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг уруғчилик соҳасидаги имкониятлари билан танишди. Учрашув давомида 2020 йили пахта уруғчилиги ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ҳамда тупроқ анализи лабораториясини ташкил этиш кераклиги айтиб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг баҳорида Ҳиндистонда бўлиб ўтган “Жўшқин Гужарат-2019” Халқаро инвестицион саммит доирасида имзоланган ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан Хиндистон уругчилик компаниялари билан ҳамкорликда юқори технологияли замонавий уруғчилик кластер корхоналари ташкил этилмоқда. Айни пайтда Ҳиндистоннинг "Kalash seeds" компанияси билан тўрт томонлама Англашув меморандуми имзоланиб, бизнес режа ва шартнома тузиш масалалари юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур кластерда юртимиз уруғчилиги ривожланган пахта, буғдой каби стратегик муҳим ўсимликларнинг сифатли, ҳудудий иқлим ва тупроқ шароитларига мос уруғлари билан бир қаторда сабзавот уруғларини етиштириш ҳам йўлга қўйилади. Шунингдек, мазкур лойиҳа доирасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида илмий изланишлар ҳам олиб борилади. Замонавий технологияларни қўллаган ҳолда сифатли уруғларни етиштириш, уларнинг ўзгариб бораётган иқлим шароитларига мослаштирилган, касалликларга чидамли, сифатли навларини яратиш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг бош мезонларидан биридир.

Шу ўринда уруғчилик соҳасида 40 йилдан бери етакчилик қилиб, Ҳиндистон қишлоқ хўжалигининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган Ҳиндистон компанияларининг тажрибаси, улар фойдаланаётган технологияларнинг юртимизда жорий этилиши сифатсиз, ҳосилдорлиги паст, тегишли тупроқ-иқлим шароитларига мос келмайдиган, касаллик ва зараркунандаларга бардошлилик даражаси паст бўлган ўсимликларнинг тарқалишини олдини олади. Сифатсиз уруғ экиб, меҳнат ва харажатларнинг кўкка совурилишига барҳам берилади. Ҳиндистоннинг ички бозорига ва хорижий давлатларга турдаги уруғлик маҳсулотларини етиштириб бераётган компаниялар билан ҳамкорлик натижалари республикамиз уруғчилик соҳасини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.