Янгиликлар

Ёшлар академияси — миллий юксалиш томон қадам

Юртимизнинг 60 фоиз аҳолиси 30 ёшгача бўлган ёшлардан иборат бўлган бугунги давримизда, ёшларнинг ижодий интеллектуал ва тадбиркорлик иқтидорларини намоён этишга эътибор энг долзарб масалалардандир. Йигирма йилдан кейин бугунги ёшлар Ўзбекистон тарихидаги энг катта иш кучига айланади. Мана шу иш кучининг сифати эса тез ўзгарувчан ва янгича Ўзбекистоннинг келажакда жаҳон майдонида қандай ўрин эгаллашини белгилайди. 2019 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясининг бош мақсади ҳам инсон капиталини ривожлантириш эканлиги бежиз эмас.

Ҳозир юртимиз ислоҳотлар даврида — Президентимиз бошчилиги давлат бошқаруви, бизнес сектори, илм-фан соҳаси вакиллари янги жамият қуришга бел боғлаган экан, ёшларни олдинги планга чиқариш, уларга инвестиция қилиш ягона тўғри йўлдир. Янги ташкил этилажак Ёшлар академиясининг мақсади ёшлардаги билимларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, юқори технологиялар яратишга, илм-фанга йўналтиришдир. Ёшлар академиясида интилувчан, ташаббускор, салоҳиятли ёшларнинг маълумотлар базаси шакллантирилиб, уларнинг таълим олишлари, ўрта ва олий таълим муассасаларидан ташқари фаолиятлари назоратга олинади, ўқиш ва ишлари ёки ҳаётларида қандайдир муаммолар юзага келса кўмак берилади, танловлар, олимпиадалар, мусобақаларда қатнашишларига кўмак берилади.

Ёшларимиз билим олишлари учун бугунда барча шароитлар яратилган, мактабгача бўлган ёшларни мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олиш даражаси йилдан йилга ошмоқда, мактаб қамрови қониқарли ҳисобланади, олий таълим муассасалари сони ва у ерда ўқийдиган талабалар сони ҳам тобора ошиб бормоқда. Эндиги вазифа мана шу авлоднинг маълум бир муаммонинг ечимига қаратилган инновацион ғоялар яратишига, стартап лойиҳалар ишлаб чиқишга, илм-фан ва инновацион ютуқларни қўллаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини олиб боришларига, турли соҳаларда тадқиқотлар олиб боришларига шароит яратишдир.

Ёшларнинг илмий-техник ижодкорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқилади, бу дастурлар ҳақида ёшларимиз фақат билибгина қолмай, унда фаол иштирок этишларини ҳам таъминлаш ўта муҳимдир. Бу майдонга ҳар қандай ёш ихтирочи, у қандай соҳада бўлмасин, келиши ва ёрдам олиши мумкин бўлади. Бунинг учун Ёшлар академияси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги марказлар, технопарк бинолари, лабораториялар, акселераторлар, коворкинг марказларидан фойдаланишади. У ерда халқаро ва маҳаллий даражада эътироф этилган мутахассислар, илм-фан вакиллари, тадбиркорлар маҳорат дарслари, тренинглар, ўтказадилар, ёшлар учун илмий-инновацион йўналишларда конференциялар, семинарлар ва танловлар ташкил этилади.

Ёшлар академияси юртимиз келажаги учун муҳим бўлган соҳаларга, жумладан сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергия манбалари, робототехника ва мехатроника, фармацевтика, биотехнология, дастурлаш саноат дизайни, 3D моделлаш каби истиқболли йўналишларни ривожланишига ҳисса қўшиши кутилмоқда.