Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири Наманган туманидаги мактабларда “вазир соати” ўтказди

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов жорий йилнинг 6—7 сентябрь кунлари Наманган туманидаги мактабларда “Вазир соати“ тадбирини ўтказди. Туман ҳокими ва ОТМ раҳбарлари ҳамроҳлик қилган тадбирда “Оила—маҳалла—мактаб—олий ўқув юрти“ ҳамкорлик моделига асос солинди.

Бугунги кунда ота-оналарнинг, бошқа оила аъзоларининг бола таълимида иштироки мазкур боланинг мактаб дастурини ўзлаштиришига ижобий таъсир қилиши исботланган. Ўз навбатида, келажакда олий таълим муассасасидан ўқишни режалаштирган, ўз олдига “олий маълумотли бўламан” деган мақсадни қўйган ўқувчиларнинг ҳам баҳолари баландроқ, билим даражаси юқорироқ бўлиши тадқиқотчилар томонидан аниқланган. Шу билан бир қаторда турли ижтимоий-иқтисодий тоифалардаги оилаларнинг фарзандларининг ўзлаштириш даражаси турлича бўлиши кузатилган. Яъниким зиёли, ўзига тўқ оилаларнинг фарзандлари яхшироқ ўқиса, кам таъминланган оилалар фарзандларининг ўқиши оқсаши ҳолатлари учрайди. Айнан шу ҳолатларда “Оила—маҳалла—мактаб—олий ўқув юрти“ ҳамкорлигининг “маҳалла” бўғини вазиятнинг ижобий томонга ўзгаришига ёрдам беради. Шунингдек, мактабларнинг олий таълим муассасалари билан алоқа ўрнатиши болаларнинг билимларини мустаҳкамлашга кўмаклашади, уларни муайян фан йўналишларига қизиқишларини шакллантиришга замин яратади.

Президентимизнинг мактаб таълимини умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айлантириш зарурлиги тўғрисидаги топшириғи айнан шу мақсадларни кўзлаган бўлиб, бунда маълум муваффақиятларга эришган раҳбар ходимлар, зиёли ва нуронийлар, илм-фан, санъат, спорт, соҳалари вакилларининг мактаблар ҳаётида фаол иштирок этиши, ўқувчиларнинг дунёқарашини ўсиши, уларнинг мақсадларни тўғри қўйиши учун муҳим деб белгиланди. Раҳбарлар ва зиёлиларнинг ўз тажрибалари, ҳаёт йўллари ҳақидаги суҳбатлари ёшларни янада ғайрат ва шижоат билан ўқиб, билим олишларига ундайди.

И.Абдураҳмонов Наманган туманидаги мактабларга ташрифи чоғида ўз болалиги ҳақида гапирар экан, ёшликдаги кузатувчанлик, тиришқоқлик, билимга чанқоқлик ўз натижасини беришини қайд этди.

– Туман марказидан анча узоқ қишлоқда яшаганимиз учун уйимиздан 3-4 километр узоқдаги мактабга ҳар куни пиёда бориб келишимизга тўғри келарди. — деб хотирлади вазир. – Туман марказига бориш эса бир байрам эди. Шундай бўлишига қарамай кўп ўқиш, изланиш ортидан туман олимпиадасидан республика олимпиадасигача бўлган босқичларни босиб ўтиб, умумиттифоқ олимпиадаларда қатнашиш имкониятини ҳам қўлга киритдим. Кейинчалик олий ўқув юртида ўқидим, хорижнинг етакчи университетларида таълим олиб, Бутунжаҳон фанлар академияси академикигача бўлган йўлни босиб ўтдим. Буларнинг барини гапираётганим сабаб, сизларда ўзингизга бўлган ишончни орттириш, ўқиш ва билим олишда ғайратли ва шижоатли бўлишингизга ундашдир. Ҳар бирингизнинг қонингизда буюк боболаримизнинг генлари бор, уларни уйғотиш, генларни “ишлатиб” юбориш ўзингизга, меҳнаткашлигингизга боғлиқ. Улуғ юрт фарзандлари эканингизни ва бу юртни гуллаб, яшнаши сизларга боғлиқ эканини унутманг!

Учрашув сўнгида эса вазир мактабларга Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Инновацион тўплам”лар тақдим этди, шунингдек, Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси билан ҳамкорликда китоблар совға қилинди.