Янгиликлар

Стартаплар тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича давра суҳбати ўтказилди

Стартаплар тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича давра суҳбати ўтказилди

Жорий йилнинг 6 февраль куни Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши пресс клубида Ўзбекистон Республикасининг стартап тўғрисидаги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқишга бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда илғор давлатлар тажрибаси асосида замонавий тадбиркорлик лойиҳаларини оммалаштириш, стартап лойиҳаларини амалга ошириш учун тегишли шарт-шароитлар ташкил этиш ҳамда зарурий ҳуқуқий асос яратиш масалалари муҳокама этилди.

Давра суҳбатида Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев, Ёшлар иттифоқи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази бошлиғи Ориан Мехроч Рашидов, “Ўзбекистонда ёшларни иш билан таъминлашни қўллаб қувватлаш” лойиҳасининг Ёш тадбиркорликни ривожлантириш бўйича лойиҳа бошқарувчиси Усмон Раҳимжонов, “Ground Zero” асосчиси Ҳикмат Абдураҳмонов, Венчур фонди ассоциацияси раҳбари Дилшод Зуфаров, ҳамда Инновацион вазирлиги мутахассислари, ёш тадбиркорлар, олий ўқув юртларининг иқтидорли талабалари иштирок этишди.

Давра суҳбати давомида стартап компанияларини молиялаштиришда Ўзбекистон Республикасида мавжуд муаммолар, халқаро интеграцияни ривожлантириш бўйича ҳозирги даврда амалга оширилаётган ишлар, маҳаллий стартап компанияларини халқаро даражага кўтариш имкониятлари ўрганилди. Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Олимжон Тўйчиев ишлаб чиқилиши режалаштирилаётган стартаплар тўғрисидаги қонунда кичик ғояларни ривожлантиришга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлиги тўғрисида таклифлар билдирилди.

Бундан ташқари Венчур фонди ассоциацияси раҳбари Дилшод Зуфаров янги қонун лойиҳасига стартап виза тизимини жорий этиш тартибини киритиш ҳамда Ўзбекистон Республикасини венчур капиталини жалб этиш бўйича халқаро рейтингга киришини таъминлаш таклифини берди. Венчур капиталини жалб этиш бўйича халқаро рейтинг дунё бўйлаб давлатларнинг венчур капиталини кўрсаткичи бўлиб, унда МДҲ давлатлари ҳам киритилган, аммо Ўзбекистон ҳали ушбу рейтингга киритилмаган.

Шунингдек, Ўзбекистон олий ўқув юртларида венчур бошқаруви бўйича кафедралар ташкил этиш ҳамда ўқув дарсликларини ишлаб чиқиш масалалари ўртага ташланди. Ўзбекистоннинг йирик компаниялари қошида венчур молиялаштиришга асосланган корпоратив акселератор ҳамда венчур фондларини ташкил этишга доир фикрлар билдирилди.

Давра суҳбати якунида янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш ҳамда ижтимоий тармоқларда аҳолини ушбу қонун лойиҳаси бўйича таклифларини ўрганиш мақсадида сўровнома ўтказишга келишилди.