Янгиликлар

Нобель мукофоти лауреати Дан Шехтман Ўзбекистонда стартап-тадбиркорликни ривожлантириш учун самарали экотизимни яратишга кўмаклашади

Инновацион ривожланиш вазирлигининг таклифига биноан Технион —Исроил технология институти Материалшунослик ва муҳандислик кафедраси профессори, кимё бўйича Нобель мукофоти лауреати Дан Шехтман жорий йилнинг 3 ноябрь куни бир ҳафталик ташриф учун Ўзбекистонга келди. Профессорни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Aбдураҳмонов қабул қилди.

Ташриф давомида Нобель мукофоти совриндори Тошкент кимё-технология институти, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази, Самарқанд давлат университетига ташриф буюрди. Шунингдек, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, IT Парк, шунингдек, Мирзо Улуғбек номидаги давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернатига ташриф буюриш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Дан Шехтман 2011 йилда да квазипериодик кристалларини кашф этгани учун Нобель мукофотига сазовор бўлган. Физик кимёнинг асосчиси бўлган таниқли кимёгар ўз мисолида маълум фикрни ҳимоя қилиш ва мақсадларга эришиш учун қатъиятли бўлишнинг муҳимлигини исботлади. Илғор технологиялар марказида ёш олимлар билан учрашувда Дан Шехтман юқори технологиялар ва замонавий илм-фан ютуқларига асосланган муваффақиятли стартапларни ташкил этишнинг асосий босқичларини муҳокама қилди.

Профессор Шехтманнинг фикрига кўра, технологик тадбиркорлик замонавий иқтисодиётни шакллантириш ва ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди ва илмий ғояни муваффақиятли тижоратлаштириш учун иқтисодиёт, менежмент, маркетинг, муваффақиятли илмий стартаплар тажрибасидан фойдаланиш, шунингдек, ўз хато ва муваффақиятсизликларини доимий танқидий таҳлил қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Аудитория билан мулоқот чоғида технологик тадбиркорлик учун муваффақиятли экотизимга эга бўлган мамлакатлардан бири бўлмиш Исроилнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Ёшларни илм-фанга асосланган технологиялар соҳасига жалб этиш муаммоси ҳақида сўз кетаркан, мамлакатнинг барча ҳудудларидаги болалар сифатли ўрта таълимни эгаллаш имкониятига эга бўлиши муҳимлигини қайд этди. Шундагина техник билимларга эга миллий кадрларни сифат ва сон жиҳатдан юқори даражага олиб чиқциш мумкин. Шунингдек, Д. Шехтман олий таълим муассаcаларида, айниқса техник университетларда дарсларнинг инглиз тилида олиб борилиши, инглиз тилидаги дарсликлардан фойдаланган ҳолда дарслар ўтиш муҳимлигини қайд этди.

– Бизнинг университетларда инглиз тили таржимони керак эмас, – деди профессор. – Ўқитувчи-профессорлар ҳам, талабалар ҳам соф инглиз тилида сўзлашадилар. Инглиз тилининг илм-фан ва инновациялар тили эканини унутмаслигимиз керак. Шу боис ҳам бизнинг ОТМларда инглиз тили ўқитувчилари алоҳида ҳурматга эга.

Дан Шехтман стартап лойиҳаларни, корхоналарни ривожлантириш учун нафақат профессионал билимларга, балки тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлган янги фармация кадрларини тайёрлаш зарурлиги таъкидлади. Бундан ташқари, унинг фикрича, ички ишонч ҳам стартапчи учун муҳим жиҳатдир.

– Ота-оналар болаларни ёшлигидан ўзига ишончини қўллаб қувватлаши керак, – деб маслаҳат берди, – Д. Шехтман. – Ёшлар кўп ўқиши ва бирор соҳанинг етук мутахассиси бўлишига шароит яратиб берилиши керак. Муҳими, ўзгаришлар ва муваффақиятсизликдан қўрқманг! Омадсизлик сизни юқорига олиб чиқиши мумкин бўлган дарвозани очиб бериши мумкинлигини унутманг.

Давра суҳбатида Инновацион ривожланиш вазирлиги, Илғор технологиялар маркази раҳбарияти ва Ўзбекистондаги Исроил элчихонаси вакиллари иштирокида ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, стартап-тадбиркорликни ривожлантириш ва илмий ютуқларни тижоратлаштириш учун самарали экотизимни яратишда Илғор технологиялар марказига кўмаклашиш соҳасидаги қатор масалалар муҳокама қилинди.

Профессор Шехтман ҳар йили ўз маърузалари билан бутун дунё бўйлаб ўнлаб университетларга ташриф буюради. Унинг маърузалари нафақат кимё, балки ёш олимларнинг тадбиркорлик руҳини ривожлантиришга бағишланган. Профессор “технологик“ тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Профессорнинг фикрига кўра, технологик тадбиркорлик универсалдир. Унинг тамойилларини мустаҳкамлаш учун давлатга ўқимишли одамлар, айниқса олимлар: муҳандислар, шифокорлар, компьютер технологиялари мутахассислари керак.