Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги Тошкент вилоятидаги барча мактабларга “Инновацион тўплам”лар топширди

Жорий йилнинг 4—6 сентябрь кунлари Инновацион ривожланиш вазирлигининг ходимлари янги ўқув йилининг бошлангани муносабати билан Тошкент вилоятидаги барча 869 та мактабга “Инновацион тўплам”ларни топширдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича илгари сурган 5 та муҳим ташаббуси ва халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалалари бўйича белгиланган вазифалар юзасидан Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан бир қатор чора-тадбирлар режалаштирилди ва амалиётда ижроси таъминланмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган 5 та муҳим ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “Темурийлар тарихи давлат музейи бўйлаб “3D” виртуал саёҳат”, “Фарход ва Ширин” ва “Лайли ва Мажнун” номли компьютер ўйинлари ҳамда шоира Дил Бонунинг “Қалбим кўзгуси” номли QR кодли шеърий китобдан иборат “Инновацион тўплам” ишлаб чиқилди.

Юртимиз аҳолиси, айниқса ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, она ватан тарихига қизиқишни кучайтириш, миллий қадриятларга бўлган ҳурматни ошириш ва юртимизнинг ўтмишини бутун дунёга кенг ёритиш ҳамда туризмни ривожлантириш мақсадида мамлакатимизнинг тарихий ва маданий объектлари бўйлаб “3D” саёҳат уюштириш, шунингдек, ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Олимжон Тўйчиев ва ёш дастурчи, тадбиркор Жавоҳир Усмонов томонидан “Темурийлар тарихи давлат музейи бўйлаб “3D” виртуал саёҳат” дастури яратилди. Мазкур дастур интернет тармоғидан фойдаланилмаган ҳолда музейга виртуал ташриф буюриш, музей экспонатларини виртуал кўриш ҳамда улар тўғрисида маълумот олиш имконини беради.

Шу ўринда ёшларни киберспорт соҳасида ўз қобилиятларини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш мақсадида “Мультимедиа маркази” масъулияти чекланган жамияти Жанубий Кореялик инвесторларнинг “Barsajdar Technologles” компанияси ёрдамида Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” ва “Лайли ва Мажнун” достонлари сюжети асосида компьютер ўйинлари ишлаб чиқилган.

Шунингдек, ёшларни маънавиятини шакллантиришда китобхонликни кенг тарғиб қилиш ҳамда хотин-қизларни иш билан таъминлаш, ижодкор ва инноватор аёлларни қўллаб қувватлаш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича Инновацион ривожланиш вазирлиги бош мутахассиси Исломали Ваҳобжонов ва шоира Дил Бону томонидан мамлакатимизда илк бор “Қалбим кўзгуси” QR кодли инновацион шеърий тўплами чоп эттирилди.

Зеро, юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев айтганларидек, мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур!