Янгиликлар

ONLINE. “Геология тармоғини ривожлантиришда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси” мавзусида ФОРСАЙТ тадбири  

Айни пайтда Инновацион ривожланиш вазирлиги Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан ҳамкорликда “Геология тармоғини ривожлантиришда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси” мавзусида “форсайт” тадбирини ўтказмоқда.

Тадбирни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари А.Назаров очиб берди ва у ўз нутқида иштирокчилардан геология соҳасини ривожлантиришга ёшларни қиқзиқтириш, яхши кадрларни тайёрлаш, илмий ишларни жадаллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни сифатли ишлаб чиқишда фаол иштирок этишни сўраб қолди.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов сўзга чиқар экан, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Давлат геология қўмитаси ўртасида Республика минерал хом-ашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш ҳамда геология тармоғини инновацион ривожлантириш ва соҳада илмий тадқиқот ишланмаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳамкорлик тўғрисидаги Қўшма қарор имзоланганини алоҳида таъкидлади.

— Мазкур Қўшма қарорга асосан Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида умумий қиймати 7,2 млрд. сўмга тенг 5 та мавзудан иборат бажарилиши икки йилга мўлжалланган инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинди, — деди И.Абдураҳмонов.

Мамлакатимизда фойдали қазилмаларнинг 70 дан ортиқ тури бўйича 2 мингдан ортиқ конлар аниқланган ва улардан фойдали қазилмалар саноат тармоқлари томонидан қайта ишланмоқда. Бироқ, қазиб олиш ва қайта ишлаш осон бўлган конлар ва уларнинг заҳираси тобора камайиб бормоқда.

Геология соҳасидаги олимлар, илмий мактабларга бўлган эътибор пасайиб кетганлиги, айниқса ёш олимлар сони жуда камлиги, олий ўқув юртларида тайёрланаётган кадрлар сифати мутлақо қониқтирмаётганлиги, бундай ҳолатда геология илмининг келажаги хавф остида қолишига олиб келди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2020 йил 31 январь куни Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига ташриф буюриб, олимлар, ёш тадқиқотчилар, ишлаб чиқариш вакиллари ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари билан ўтказган учрашувида геология соҳасини тубдан ривожлантириш борасида муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Шу муносабат билан, Инновацион ривожланиш вазирлиги,  Давлат геология қўмитаси, Ахборот технологиялари вазирлиги билан биргаликда “Рақамли геология” ва “Тоғ жинслари ва минералларнинг Миллий электрон базаси” лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан бир ой муддатда таклиф киритиш вазифаси берилди.

Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Мазкур тадбирига геология соҳасининг етук мутахассислари, олимлар, ёш тадқиқотчилар, ишлаб чиқариш ва хусусий сектор вакиллари таклиф этилди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад - белгилаб берилган топшириқларни бажаришга қаратилган Геология соҳасини ривожлантириш “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишдан иборат.

Тадбир давом этмоқда.