Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги вакили Энтони Робинс тренингида иштирок этди

Жорий йилнинг 1-5 сентябрь кунлари Ўзбекистон давлат хизматчилари делегацияси таркибида Инновацион ривожланиш вазирлиги Бошқарма бошлиғи Жамолиддин Бобохонов Бирлашган Араб Амирликлари Вазирлар Маҳкамаси ва келажак масалалари бўйича вазирлиги томонидан ташкил этилган давлат бошқаруви масалалари бўйича тренингда иштирок этдилар

Тадбир давлат бошқаруви самарадорлигини оширишда Ўзбекистон Республикасига техник ёрдам кўрсатиш дастури доирасида ўтказилди.

Тренингда иштирок этиш якунларига кўра ишчи гуруҳ томонидан давлат бошқарувини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар доирасида Ўзбекистонда илғор халқаро тажрибани жорий этиш бўйича аниқ таклифлар киритилади.

Ташриф давомида ишчи гуруҳ америкалик мураббий Энтони Роббинснинг бир кунлик тренингида иштирок этди. Таъкидлаш жоизки, Энтони Роббинс АҚШ ва дунёнинг кўплаб мамлакатларида шахсий ривожланиш дастурлари ва мотивацион семинарлари билан танилган. “Форбс” рейтинги, “Сайёрамизнинг 50 асосий бизнес ақллари”, “Энг яхши 200 бизнес гуру” ва “Дунёнинг энг яхши 6 бизнес етакчиси” рўйхатига киритилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Бирлашган Араб Амирликларининг Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича ва келажак вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг давлат органи вакиллари учун “Инновация бошқаруви” бўйича семинар бўлиб ўтди.