Янгиликлар

Tech Central Asia акселерация дастурининг саралаш босқичи бўлиб ўтди  

Жорий йилнинг 3—4 август кунлари Тошкент шаҳридаги Инҳа Университетида Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ground Zero коворкинг маркази, Инҳа Университети ва Қозоғистоннинг Назарбоев Университети билан ҳамкорликдаги Tech Central Asia акселерация дастурининг саралаш босқичлари бўлиб ўтди.

Tech Central Asia – бу Марказий Осиёдаги технологик стартаплар учун мўлжалланган акселерацион дастур бўлиб, бизнесини энди бошламоқчи бўлган тадбиркорлар, талабалар, новаторлар, тадқиқотчилар ва ўз шахсий стартапларини ишлаб чиқиш ёки амалиётга жорий этишни режалаштираётган қизиқувчилар учун шахсий барқарор бизнесларини яратишларида кўмак берувчи ноёб платформадир. Дастур Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистоннинг келгусидаги технологик тараққиётида муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Йўлбарсхон Мансуров кириш сўзи билан бошлаб берди. Дастурнинг илк кунида “Очиқ микрофон” ғоялар тақдимоти, “Жамоаларнинг бирлашиши”, “Стартапларни ўрганиш ва бизнес канвас”, “Customer development”, “Мустақил ишлар”, “Менторлар билан ишлаш” ҳамда “Тақдимот ва питчинг“ мавзуларида семинар ва тренинглар бўлиб ўтди. Ноодатий ва қизиқарли тарзда бўлиб ўтган семинарда Tech Central Asia дастурининг аҳамияти очиб берилди.

Тақдимотдан сўнг дастурда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган 100 нафардан ортиқ иштирокчилар ўз технологик ечимларини намойиш этдилар. Энг кучли деб топилган жамоалар мустақил экспертлар томонидан саралаб олинди.

Танловнинг сўнгги кунида саралаш босқичи бўлиб ўтди. Жамоалар ҳакамлар ҳайъати аъзолари олдида Crash-testлар орқали тақдимот ва питчинглар намойиш этдилар. Энг яхши деб топилган технологик ечимлар Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида ўтказиладиган Назарбоев Университетининг Demo Day дастури доирасидаги сўнгги саралаш босқичида иштирок этиш орқали инвестиция жалб қилиш ва Қозоғистоннинг ABC Quick Start акселерация дастурида иштирок этиш имкониятини қўлга киритдилар.