Янгиликлар

Халқаро ногиронлиги бўлган шахслар кунига бағишлаб байрам тадбири ўтказилди

Тошкент шаҳридаги 77-Ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернатида Халқаро ногиронлиги бор шахслар кунига бағишлаб байрам тадбири ўтказилди. Маросимда Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари, депутатлар, оммавий ахборот вакиллари қатнашдилар.

Мактаб ўқувчилари томонидан ижро қилинган куй-қўшиқлар, даврага кўтаринки рух ва ўзгача завқ бағишлади. Ўқувчилар турли соҳалардаги ўз иқтидорларини намойиш этдилар. Шунингдек, улар турли номинациялар бўйича дипломлар билан тақдирландилар. Тадбирга келган меҳмонларда, айниқса, 7-синф ўқувчиси Гулшан Олимжонованинг қўшиқ ижроси катта таассурот қолдирди.

Тадбир сўнгида мактаб ўқувчиларига хомийлар томонидан тақдим этилган совғалар топширилди.

1992 йил 14 октябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 47/3-сонли қарорига асосан 3 декабрь Халқаро ногиронлар куни сифатида эълон қилинди ва ташкилотга аъзо давлатларни ҳар йили махсус кун шарафига бағишланган тадбирларни ўтказишга чақирди.

Ушбу кунни нишонлаш тўғрисидаги қарор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1983-1992 йилларни қамраб олган ногиронлар ўн йиллигининг охирида қабул қилинди. Мазкур ўн йил ичида ногиронлар ҳолатини яхшилаш ва улар учун тенг имкониятларни таъминлаш мақсадида, хабардорликни ошириш ва чора-тадбирлар кўриш каби катта ишлар амалга оширилди.

Дунёда тахминан 1 миллиардга яқин ногиронлар истиқомат қилади ва уларнинг барчаси жамият ҳаётидаги кенг кўламли, самарали ва тенг ҳуқуқли иштирокини чеклайдиган, жисмоний, ижтимоий-иқтисодий тўсиқларга дуч келади. БМТ маълумотларига кўра, улар таълим, меҳнат, соғлиқни сақлаш ҳамда ижтимоий ва ҳуқуқий кўмак каби асосий манбалардан тенг равишда фойдалана олмайди.

Ўз олдига ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтишни мақсад қилган давлатимизда ислоҳотлар инсон ва унинг манфаатларига қаратилган. Мустақилликка эришган дастлабки 1991 йилдаёқ “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган бўлса, 2008 йилда ушбу қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди. Шу йили “Болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат дастури тўғрисида”ги президент Қарори имзоланди. Турли йилларда давлат Дастурлари доирасида ногиронларни ҳимоялаш, уларни ижтимоий ҳолатини яхшилаш, барча ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланишлари бўйича чора тадбирлар амалга оширилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришларини таъминлаш учун уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича қатор амалий ишлар белгиланди ва ҳаётга жорий этилмоқда. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг манзилли равишда ижтимоий ҳимоя қилиниши уларга кенг имкониятлар эшигини очмоқда.