Янгиликлар

“Ўзбекистон-Беларусь” халқаро илмий-техник лойиҳалар ва ёш олимлар илмий стажировкалари иштирокчиларининг 1-Республика форуми ўтказилди  

 

3 октябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “Ўзбекистон-Беларусь” халқаро илмий-техник лойиҳалар ва ёш олимлар илмий стажировкалари иштирокчиларининг 1-Республика форуми ўтказилди. Тошкент Халқаро Вестминстер университети биносида ўтказилган тадбирда вазирлик мутасаддилари, Беларуснинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, Беларусда илмий стажировка ўтаб келган ёш олимлар, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Беларусь Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич очиб бердилар. Улар давлатларимиз ўртасида илмий-техник ҳамкорлик алоқалари янги босқичда ривожланаётганини таъкидлаб, форум иштирокчиларини қутладилар.

— Ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси Давлат раҳбарларининг олий даражадаги самарали музокаралари икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш ва аниқ натижаларни қўлга киритиш имконини бермоқда, — деди И. Абдураҳмонов. — Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси Ҳукуматлари ўртасида 2018 йил 13 сентябрда имзоланган фан ва технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимга асосан икки томонлама илмий-техник ҳамкорлик алоқалари изчил ривожлантирилмоқда.

Элчи жаноблари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Беларусь Республикаси Фан ва технологиялар бўйича давлат қўмитаси ўртасида икки томонлама илмий-техник ҳамкорлик бўйича эришилган келишувлар доирасида ҳозирги кунда умумий қиймати 7,4 млрд. сўмлик 15 та “Ўзбекистон-Беларусь” қўшма илмий-техник лойиҳалари бажарилаётганини, Ўзбекистон олий таълим муассасаларида 2 та замонавий қўшма илмий лаборатория ташкил этилаётганини қайд этди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг июль, август, сентябрь ойларида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мамлакатимизнинг нуфузли илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида илмий фаолият билан шуғулланаётган 95 нафар ёш олимлар қисқа муддатли (2 ойгача) илмий стажировка ўташ учун, 24 нафардан иборат олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосарлари инновацион фаолиятни бошқариш ва тижоратлаштириш амалиёти бўйича малака ошириш учун (2 ҳафтага) Беларусь Республикасининг Миллий фанлар академиясининг илмий муассасалари ҳамда ушбу мамлакатнинг 16 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасаларига юборилди.

Илмий стажировка дастурига мувофиқ, 29 нафар ёш олим Беларусь Республикаси Миллий фанлар академиясининг илмий муассасаларида янги энергия тежамкор технологиялар, ерни масофадан зондлаш аэрокосмик материалларидан фойдаланиш усуллари ва геоахборот тизимлари (ГИС) технологиялари, пробиотик препаратлар олиш усуллари, фитокимё корхоналарининг саноат чиқиндиларидан биологик ва физиологик фаол биополимерларни ажратиш, онкологик касалликларга қарши селен нанозаррали препаратларни олиш технологияларини ўргандилар. 15 нафар ёш олим Беларусь давлат университетида замонавий биотехнологиялар ва физик-кимёвий технологиялар, хом ашёни саноат усулида қайта ишлаш технологияларини ўзлаштирмоқда ҳамда юқори технологияларга асосланган замонавий илмий асбоб-ускуналарда ишлаш усулларини тадқиқ этдилар. 31 нафар ёш олим Беларусь тиббиёт академияси ва ихтисослаштирилган тиббиёт илмий-амалий марказларида замонавий тиббий диагностика усуллари, юқори технологияларга (ҳужайра, квант ва рақамли технологиялар) асосланган жарроҳлик амалиётини ўзлаштириш, иммунобиология бўйича илғор тажрибалар билан танишдилар. 15 нафар ёш олим Беларусь Миллий техника университетида замонавий лазер технологиялари, биотехнологиялар, самарадор керамик материаллар олиш технологияси, энерго ва ресурстежамкор технологияларни яратиш усуллари бўйича тадқиқотлар олиб бордилар. 4 нафар ёш олим эса Беларусь давлат технология университети, инновация марказлари ва илмий-технологик паркларда наноматериаллар ва нанотехнологиялар, юқори қўшилган қийматли янги турдаги инновацион қурилиш материалларини ишлаб чиқариш технологиялари, композит ва smart-материаллар олиш, IT-технологиялар, 3D-технологияларни ўргандилар.

24 нафар олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосарлари жорий йилнинг 22 июль–5 август кунлари Беларусь Республикасининг илмий-инновацион ташкилотлари, нуфузли олий таълим муассасалари, йирик саноат корхоналари, янги ташкил этилган замонавий инновацион тузилмалар – “Великий камень” (Great Stone Industrial Park) махсус иқтисодий зонаси, IТ-бизнес соҳасида махсус солиқ-ҳуқуқий режимга эга бўлган Юқори технологиялар паркида (Парк высоких технологий) инновацион фаолиятни бошқариш, янги технологияларни ишлаб чиқиш, жорий этиш ва тижоратлаштириш бўйича илғор тажрибалар билан танишдилар ва икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан келишувларга эришдилар.

Ҳозирги кунда Беларусь Республикасида қисқа муддатли илмий стажировкадан ўтган ҳар бир ёш олим томонидан стажировка натижаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, унга киритилган тадбирларни амалга ошириш юзасидан ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, танлов асосида саралаб олинган 10 нафар ёш олимларни жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Беларусь Республикасининг нуфузли илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари аспирантурасида таълим олишлари ташкил этилмоқда.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Яшнобод” инновацион технопарки ва Беларусь Республикасининг “Политехник” илмий-технологик парки ҳамда “Унитехпром” ўқув-илмий-ишлаб чиқариш корхонаси ўртасида имзоланган келишувлар доирасида ушбу инновацион тузилмалар билан “Яшнобод” инновацион технопарки изчил ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди, хусусан жорий йилнинг июль ойида технопаркнинг 2 нафар мутахассислари малака ошириб қайтди.