Янгиликлар

Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг янги биносида иқтидорли ўқувчилар ўқишни бошладилар

4 сентябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Мирзо Улуғбек номидаги физика, математика, информатика ва астрономия фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатида янги ўқув йили бошланиши муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилишида сўзга чиққан Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов мактабга қабул қилинган ўқувчилар юқори марралар сари ҳаракат қилишлари, халқаро фан олимпиадаларида совринлик ўрин эгаллашлари зарур эканини таъкидлади.

— Ихтисослаштирилган мактабларнинг битирувчилари етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг талабалари бўлишлари шарт, — деди вазир.

Тантанали тадбирда шунингдек Юнусобод туман ҳокими, туман прокурори, ҳамда Фанлар Академияси Астрономия институти директори иштирок этди.

Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатига 2019-2020 ўқув йилида 7-, 9- ва 10-синфларда ўқиш истагини билдириб, 403 нафар ўқувчилар ҳужжат топширишди. Шулардан жами 128 нафар ўқувчилар мактабга танлов асосида қабул қилинди.

Катта синф ўқувчилари учун “Мустақиллик дарси”ни ўтган И.Абдураҳмонов ўз болалиги ҳақида гапирар экан, ёшликдаги кузатувчанлик, тиришқоқлик, билимга чанқоқлик ўз натижасини беришини қайд этди. Академик Абдураҳмоновнинг биологияга қизиқиши болаликдаги кузатувлардан бошланган ва уларнинг натижаси ўлароқ геннокаут технологияси асосида ҳосилдорлиги ва тола сифати юқори бўлган “Порлоқ” пахта нави яратилди. Оддий қишлоқ боласининг Жаҳон фанлар академияси аъзосигача босиб ўтган даври ҳақида сўз юритиб, инновацион ривожланиш вазири ўқувчиларга ўқишларида муваффақиятлар тилади.

Мактаб-интернатида ўқувчиларга янги инновацион усулларда дарс ўтиш мақсадида факультатив дарс сифатида аэрокосмик технологиялар хонаси ташкил этилиб, бунда ўқувчилар учун замонавий VR BOX ускунаси ҳамда химия, биология, физика ҳамда информатика фанларида лаборатория ишларини виртуал тарзда ўрганишлари учун Хитойдан олиб келинган “HOLOMAX” ускунаси, замонавий технология асосида дарс ўтишга мўлжалланган электрон доска, электрон дарсликлар ва бадиий адабиётлардан фойдаланишда қулай шароит яратиш мақсадида “QBOX” ускунаси, кимё ва физика фанларидан ўқувчилар фойдаланишлари учун Менделеев даврий системасининг электрон шакли ўрнатилган.

Мактаб-интернат ўқувчиларининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида бинонинг том қисмидаги махсус минорага астрономия фанида фойдаланиш мақсадида телескоп ўрнатилган. Бунда ўқувчилар астрономия фанини чуқур ўрганишлари, сайёралар ва юлдузларни кузатишлари мумкин.