Янгиликлар

Абу Али ибн Сино номидаги мактаб ёш биологлар учун ўз эшикларини очди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Али Абу ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 2019-2020 ўқув йили бошланишига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўқувчилар билан суҳбати биология фани ҳақида бўлди. Генетик олим, академик Абдураҳмоновнинг ҳаёт йўли, мактаб даври, тадқиқотлари бўлажак биолог ва кимёгарларда катта қизиқиш уйғотди.

— Ёшлигим қишлоқда ўтган, — деб ёшлик чоғларини хотирлади вазир. — Ўт-ўланларни кузатарканман, отқулоқ сояда ўсса, барглари ва новдалари узунроқ бўлишини пайқаганман. Кейинчалик айнан ёшликдаги мана шу кузатувларим сабаб дунёда биринчи бўлиб ген-нокаут технологиясини пахтада қўллаб, унинг натижасида тезпишар, юқори ҳосилдор, узун ва сифатли толали “Порлоқ” навлари мажмуаси яратилди.

И. Абдураҳмонов АҚШдаги Техас қишлоқ хўжалиги ва механика университетида олган билимлари унинг Бутунжаҳон фанлар академияси аъзоси бўлиш даражасига етказган олим бўлиши учун хизмат қилганини айтиб, ўқувчиларга дунёнинг энг етакчи университетларида таълим олишларини тилади. Бунинг учун давлат томонидан барча шароитлар яратилаётганини таъкидлади.

Тадбирнинг расмий қисмидан сўнг Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шароф Ражаббоев ҳамда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Йўлбарсхон Мансуров “Мустақиллик дарси”ни ўтиб беришди. Хусусан, Ш.Ражаббоев давлатимиз сиёсати, ёшлар учун яратилаётган шароитлар ва мустақиллигимизнинг илк тарихи мавзуларида суҳбат олиб борди. Ўқувчилар барча қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Й. Мансуров илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ҳақида сўз юритар экан, ўқувчиларни базавий таълимни чуқур ўзлаштириб, кейин янги технологиялар ҳақида ўйлаш кераклигини таъкидлади. Вазир ўринбосари, шунингдек, ўқув йили давомида ҳар чоракда фан олимпиадалари ўтказилиши, ўқувчилар ўз устларида чуқур ишлашлари кераклигини эслатди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 19 июлдаги қарорига мувофиқ Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатига 2019—2020 ўқув йили учун республикамизнинг барча ҳудудларидан 7—10 синфларига жами 335 нафар иқтидорли ўқувчилар ўтказилган тест имтиҳонлари асосида қабул қилинди. Шундан, республика фан олимпиадалари ва билимлар беллашувининг ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган 67 нафар ўқувчилар мактаб-интернатга имтиёзли қабул қилиндилар.

Алоҳида таъкидлаш керакки, ўқувчилар учун ўқув жараёнининг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан узвийлигини таъминлаш мақсадида Ботаника, Зоология, Микробиология, Тошкент Кимё технологияси ва Тошкент Педиатрия медицина институтлари билан ўзаро ҳамкорлик Меморандумлари имзоланган.