Янгиликлар

Мамлакатда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси давлат активларини бошқариш агентлиги тадқиқот марказининг моҳияти ўрганилди

 

Жорий йилнинг 2 август куни Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигида “Мамлакатда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси давлат активларини бошқариш агентлиги тадқиқот марказининг роли ва аҳамияти” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирни очган Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров ўз нутқида мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2019 йил 12 июндаги 08-2057-сон топшириғига биноан, мамлакатда илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги боғлиқлик, инновацион ишланмалар ва тажриба конструкторлик ишлар самарадорлигини ошириш, тармоқлардаги барча илмий тадқиқот институтларини тубдан такомиллаштириш ҳамда мамлакатда илм фан ва инновацияларни кенг жорий этиш учун етарли даражадаги инфраструктуралар билан таъминлаш мақсадида илмий тадқиқот институтлари фаолиятини ўрганиш доирасида ўтказилаётганини айтиб ўтди. – Маълумки, айни пайтда Инновацион ривожланиш вазирлиги Инновацион ривожланиш стратегиясини жорий қилиш устида иш олиб бормоқда. Стратегияда, хусусан, Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига сарфланадиган давлат харажатларини кўпайтириш ва 2021 йилга бориб бу кўрсаткични ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 0,8 фоизига етказиш масаласи қўйилган. Вазирлик томонидан тузилган ишчи гуруҳ тахминан 25 та илмий-тадқиқот институтлари ва марказларининг фаолиятини ўрганиши кўзда тутилган. Бугунги тадбиримиз ҳам Ўзбекистон Республикаси давлат активларини бошқариш агентлиги тадқиқот марказининг фаолиятини янада яхшилаш учун турли соҳа вакиллари бўлган ҳамкасбларимиз қандай ёрдам кўрсата олиши, уларнинг таклифларини муҳокама қилишга бағишланган, - деди А.Назаров.

Тадбир давомида сўзга чиққан Давлат активларини бошқариш агентлиги департаментининг бошлиғи Алишер Миралиев Марказ ва Агентликнинг яқин ҳамкорлиги, шунингдек, тадқиқот марказининг кўп қиррали иқтисодиётнинг методик, услубий ва меъёрий-ҳуқуқий базасини, 1994 йилдан ҳозирги кунгача бозор ислоҳотларини ташкил этишга қўшган салмоқли ҳиссасини қайд этди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги тадқиқот маркази директори Бутиков Игорь Леонидович марказ фаолиятида мавжуд камчиликлар ва муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш йўллари ҳақида сўз юритди. Давра суҳбатида иштирок этганлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги хусусийлаштириш ва давлат активларини бошқариш муаммолари бўйича тадқиқотлар марказини ташкил этиш тўғрисида» ги қарори лойиҳаси бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди.

Тадбир сўнгида барча таклиф ва мулоҳазалар умумийлаштирилиб, мониторинг натижаларида эътиборга олиниши ва Марказ фаолиятини янада яхшилашга хизмат қилиши қайд этилди.