Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири Нагоя университети мутасаддилари билан учрашди

Жорий йилнинг 4 февраль куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Нагоя университетининг Осиёдаги ёндош кампуслар институти директори Исода Фумио бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Томонлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Японияга олий даражадаги ташрифи чоғида эришилган келишувларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш заруриятини белгилаб ўтдилар.

Учрашув давомида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан бир қатор таклифлар илгари сурилди. Хусусан, Нагоя университетининг фахрий профессорлари — Нобел мукофоти совриндорлари Ноори Риожи ва Амано Хирошини “Биоорганик кимё, молекуляр биология ва биотехнологиянинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари“ Халқаро симпозиумида иштирок этишга таклиф қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Нагоя университети вакиллари билан шунингдек ахборот технологиялари, робототехника, нанотехнология, кимё, биология, математика, тиббиёт, геология ва бошқа соҳаларда ёш олимлар ва тадқиқотчилар учун 6 ойгача қисқа муддатли илмий амалиётларни ташкил этиш имкониятлари ҳақида сўз юритилди.

Вазирлик ҳузуридаги инновация марказларининг Нагоя университетининг Миллий инновацион мажмуа, Профилактика тиббий технологияларининг инновацион илмий-тадқиқот маркази, Биология ва биотехнология маркази, Ген тадқиқотлари маркази каби инновациялар билан шуғулланувчи муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масаласи ҳам илгари сурилди.

Бундан ташқари Япониянинг транспорт, робототехника, шаҳарсозлик, био-деҳқончилик, шунингдек, геология, математика ва бошқа соҳаларида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар келгусида ҳам яқин ҳамкорликда ишлашга келишиб олишди. Учрашув дўстона руҳда ўтди.