Янгиликлар

Япония илмий лаборатория ускуналари ишлаб чиқарувчилари билан Ўзбекистон тадқиқот муассасалари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилади

30 январь—4 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Ишлар бошқармаси бошлиғи Акмал Туланов, Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директори Бунёджон Охунов, Илмий стажировкаларни ташкиллаштириш ва илмий лаборатория ускуналарини харид қилиш бўлими бош мутахассиси Т. Кабашевдан иборат делегация Японияда хизмат сафарида бўлдилар. Делегация аъзолари Япониянинг лаборатория ускуналари ишлаб чиқарувчилари билан музокаралар олиб бориб, уларнинг юртимиздаги тендерларда иштирок этишга таклиф қилдилар.

 

Делегация аъзолари Horiba, Rigaku Corporation, JEOL Ltd,Toshiba IT & Control systems Corporation ва Mitaka Kohki Co., Ltd. компаниялари вакиллари билан музокаралар олиб бориб, уларни танлов савдоларига жалб этиш масаласини муҳокама этдилар. Музокаралар натижаларига кўра илмий лаборатория асбоб-ускуналарини сотиб олиш ва мазкур япон компанияларининг тадқиқот марказларида илмий стажировкаларни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

 

Мазкур япон компаниялари биология, кимё, геология, тиббиёт ва автомобиль саноати соҳаларида ишлатиладиган илмий лаборатория асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш бўйича глобал етакчи корхоналардан ҳисобланади, дунёнинг кўплаб мамлакатларида уларнинг ваколатхоналари ёки шўба корхоналари муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда.

 

“Horiba” ҳамда JEOL Ltd компаниялари ўзлари ишлаб чиқараётган лаборатория ускуналарининг технологик жиҳатлари, тезник параметрлари ва имкониятлари  билан юртимиз илмий-тадқиқот муассасалари, университетлар, илмий марказлар раҳбарлари ва тадқиқотчиларни таништириш мақсадида жорий йилнинг апрель ойида Тошкентда ўқув семинарлари ўтказишга қизиқиш билдирдилар.