Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги ихтирочи Жаҳонгир Маҳкамовни қўллаб-қувватлайди

Тошкент вилояти, Чиноз туманида истиқомат қилувчи Жаҳонгир Маҳкамов сентябрь ойининг бошида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов томонидан қабул қилинганидан сўнг у яратган ишланмалар— доимий қувватга эга электродвигатель, қуруқ зарядли ва тез тикланувчи аккумулятор ва ток кучайтиргичи вазирлик томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди. Қабул давомида Ж. Маҳкамовнинг ихтиросининг аҳамиятини инобатга олган ҳолда, И. Абдураҳмонов мазкур ихтирони стартап танлови талабларига жавоб берадиган тартибда расмийлаштиришга ёрдам бериш ҳақида кўрсатма берган.

“Ўзбекэнерго” илмий-техник маркази лаборатория мудири, т.ф.д., проф. Тўлаган Камолов, И. Каримов номидаги ТДТУнинг “Электрик машиналар” кафедраси профессори, т.ф.д. Камолиддин Олимхўжаев ва кафедра мудири т.ф.д. Олимжон Тоиров, Тошкент Темир йўл муҳандислари институти кафедра мудири Усан Бердиев, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ конструкторлик бюроси мудири Шерзод Аҳмедов ва технологик бўлими мудири Сайфиддин Асамов, Инновацион ривожланиш вазирлиги бўлим бошлиғи Мирзиёд Мирсаитовдан иборат ишчи гуруҳ Чиноз туманига бориб, ихтирочи томонидан тақдим этилган ишланмаларни дастлабки кўрикдан ўтказдилар. Бунда намойиш этилган ишланмалар амалда ишлаши кузатилди. Шу муносабат билан барча прототипларни комплекс равишда синовдан ўтказиш зарур, деган қарорга келинди.

Шу муносабат билан 27 сентябрь куни Турин Политехника университетида Жаҳонгир Маҳкамов иштирокида унинг ихтиролари синовдан ўтказилди. Синов натижасида Маҳкамовнинг ихтиро қилган қуруқ зарядли аккумулятори тез заряд олиши (3-4 дақиқа атрофида) ҳамда енгил вазнга эга бўлиб туриб (3.5 кг) қийинчиликсиз автомобильнинг двигателини қўзғата олгани ишчи гуруҳ ва Турин Политехника университети ходимларининг умумий қизиқишини уйғотди.

Шунингдек, Тошкент Темир йўл муҳандислари институти лаборатория стендида қуруқ зарядли аккумуляторни заряд олиш ва заряд тугаши вақти ўлчанди. Олинган натижаларга кўра, 8 та циклда аккумуляторнинг қувват олиш ва қувватсизланиш жараёнларининг барқарорлиги аниқланди. Ишчи гуруҳ томонидан каттароқ циклларда (5000 мартагача) синов ўтказиш лозимлигини ва прототипнинг кимёвий таркибини батафсил ўрганиш зарурлиги ҳақида хулоса чиқарилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги мурожаатчига ихтирони лойиҳа сифатида шакллантириб, давлат техник грантлари ҳамда ўз харажатини ўзи қоплаш асосида молиялаштириладиган стартап лойиҳалар танловларида иштирок этиши учун ариза топшириши мумкинлиги ҳақида маълумот берилган. Бу маълумотлар Ж. Маҳкамовга оғзаки ҳам тушунтирилган, унга бу ҳақида хат ҳам жўнатилган. Ўз навбатида Маҳкамов ҳозирги кунга қадар стартаплар танловига ёки вазирлик томонидан ташкил этилган бошқа танловларга ҳужжатларини топширмаган. Шу ўринда вазирлик мутахассислари танлов учун ихтирочининг ҳужжатларини расмийлаштиришга кўмаклашишларини маълум қиламиз.

Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги Жаҳонгир Маҳкамовга электр двигателини тажриба ва синовлардан ўтказиш учун лаборатория ускуналарини харид қилишда ҳам кўмак беришга тайёр эканини билдирган. Бунинг учун ихтирочи лаборатория ускуналарининг номи, тури ёзилган рўйхатни вазирлик ходимларига тақдим этиши кифоя.

Инновацион ривожланиш вазирлиги стартап лойиҳаларни ҳамиша қўллашини ва бу соҳада қатор ишларни амалга ошираёганини маълум қиламиз. Ўзбекистонда илк бор стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш тизими шакллантирилиб, 2019 йилда 31 та стартап лойиҳаларга 28,2 млрд. сўм йўналтирилди. Худди шундай, Жаҳонгир Маҳкамовдан ўз ихтиросини стартап лойиҳалар танловига топширишини сўраймиз. Бу қоғозбозлик ҳам эмас, эмоцияга берилиш учун сабаб ҳам эмас. Негаки, вазирлик бюджетдан ажратилган пулларни иқтисодиётимизга фойда келтирадиган, натижадор, самарали лойиҳаларга бериш учун масъул давлат органидир. Ҳар қандай давлатда ҳам грант маблағларини олиш учун белгиланган тартибда ҳужжатлар топширилади ва бу табиий ҳол.

Ўз навбатида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этиладиган стартап лойиҳалари танловларида ишлаб чиқаришга йўналтирилган кенг кўламдаги бизнес-лойиҳаларни яратиш ва амалга оширишга қаратилган аризалар қабул қилинишини маълум қиламиз. Аризаларни юридик ва жисмоний шахслар тақдим этиши мумкин.

Лойиҳани амалга ошириш чоғида олинадиган технологиялар/хизматлар/маҳсулотлар қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва биотехнологиялар, фармацевтика, энергетика, IT-технологиялар, геология ва геофизика, физика ва кимё, тўқимачилик ва енгил саноат, нефть-газ соҳаси ҳамда кимё соҳасидаги технологиялар ва материаллар, тоғ-металлургия соҳасидаги технологиялар, машинасозлик ва янги технологиялар, озиқ-овқат саноати, ижтимоий технологиялар (экология, спорт, таълим ва б.), туризм соҳаларида қўлланилиши афзал ҳисобланади.

Лойиҳага баҳо беришда унинг инновационлиги, техник жиҳатдан мукаммаллиги, якунланганлик даражаси, муҳофаза қилувчи ҳужжатлар мавжудлиги, лойиҳанинг мутахассислар билан таъминланганлиги, илмий-техник ва ишлаб чиқариш имкониятлари, лойиҳанинг ўзини ўзи қоплаши, молиявий ва маркетинг режаси ҳисобга олинади. Шунингдек, танлов натижаларига кўра пул маблағларини стартапчилар, ихтирочиларнинг ажратиладиган маблағлардан самарали фойдаланиши, амалга ошириладиган тадбирларнинг бажариш сифати ва муддатлари мониторинг қилиб борилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги

Ахборот хизмати