Янгиликлар

Ереванда Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан илмий-техник алоқаларни муcтаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди  

 

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари Илмий-техник ахборотлар бўйича Давлатлараро мувофиқлаштирувчи кенгаш(ИТАДМК)нинг 26-йиғилишида иштирок этдилар. Халқаро анжуман Ереван шаҳрида Арманистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг Инновациялар ва тадбиркорлик миллий марказида бўлиб ўтди.

 

Йиғилишда, шунингдек, ИТАДМК аъзо-давлатлар — Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Россия вакиллари иштирок этдилар.

 

Тадбир давомида инновациялар ва илмий-техник ахборотлар соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, МДҲ давлатлари вакилларининг бу соҳадаги малакаларини, хусусан замонавий технологиялар орқали ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

 

Бундан ташқари йиғилиш иштирокчилари ИТАДМКнинг 2018 йилги режасининг бажарилгани бўйича якуний маълумотларни олдилар ва 2019 йил учун ишлар режасининг амалга ошириш суръатларини муҳокама қилдилар.

 

МДҲ Ижроий қўмитаси иқтисодий ҳамкорлик департаменти илмий-техник ҳамкорлик ва инновациялар бўлими бошлиғи Тимур Мансуров Ўзбекистоннинг мазкур орган ишида иштироки муҳим эканини қайд этди. Ўзбекистоннинг илмий-техник тадқиқотлар бўйича ҳукуматлараро келишувларга қўшилиши Ўзбекистонинг МДҲ давлатлари билан илмий алоқалар ўрнатишга қизиқиш билдираётганидан дарак беришини ва бу алоқаларни мустаҳкамлашдан барча томонлар манфаатдор эканини таъкидлади.

 

Россия Федерацияси Илм-фан ва олий таълим вазирлиги давлат илмий-техник сиёсати бошқармаси директори ўринбосари Андрей Аникеев Ўзбекистонни Халқаро илмий ва техникавий ахборот маркази таркибига киритиш таклифини берди.Унинг фикрича, бу мазкур ташкилотнинг кўплаб аъзо-давлатлари билан илмий алоқаларни ўрнатишга , тажриба ва илмий-техник маълумотлар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади.