Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири академик Абдураҳмонов пахтачилик соҳасидаги нуфузли анжуманда нутқ сўзлади

Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмонов Австралиянинг Брисбен шаҳрида 1–5 декабрь кунлари ўтказилаётган “Глобал етакчилик: пахта сарҳадларини кенгайтириш” мавзусидаги Пахтачилик бўйича халқаро маслаҳат қўмитасининг (ПХМҚ) 78-ялпи мажлисида иштирок этди.

Пахтачилик соҳасидаги глобал миқёсдаги ҳолат, соҳадаги инновациялар ва янги ғоялар бўйича олиб бориладиган қизғин муҳокамаларда пахтачилик соҳасида фаолият юритаётган дунёнинг йирик олимлари, ишлаб чиқарувчилари, маркетологлар, таҳлилчилар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берувчилари ва банк вакиллари қатнашмоқда.

Академик Иброҳим Абдураҳмонов тадбирда “Пахта гермоплазмаси ресурслари: тараққиёт ва алмашиниш” мавзусида чиқиш қилди. Вазир ўз маърузасида муртак плазмаси — гермоплазма ресурсларини сақлаш ҳозирги глобализация ва технологик тараққиёт даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун ўта муҳимлигини таъкидлаб, ғўзанинг дунё бўйлаб сақланиб қолган гермоплазмалари инсоният томонидан сақланиб қолинган ноёб бойлик эканини қайд этди.

Дунё аҳолиси тобора ўсиб бораётган шароитда пахта етиштиришнинг барқарорлигини таъминланиши муҳим аҳамият касб этади. Иқлим шароитларининг ўзгариши, қурғоқчилик ғўза сифатига, ҳосилига салбий таъсир кўрсатишини инобатга олган ҳолда, гермоплазмалардан ташқи муҳитнинг кескин ўзгаришларига чидамли, серҳосил ўсимлик генларини саралаб олиш, пахта гермолазмасини ривожлантириш муҳимдир. Пахта гермоплазмасининг энг катта коллекцияси Ўзбекистонда эканлигини инобатга олинадиган бўлса, бу йўналишдаги илмий изланишлар ва инновацияларни юртимиз тадқиқотчилари ҳамда жаҳоннинг етакчи соҳа вакиллари билан биргаликда амалга оширилиши мақсадга мувофиқдир.

И. Абдураҳмонов, шунингдек ФАнинг Геномика ва биоинформатика марказида шу соҳада амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ва келгусидаги режалар ҳақида сўзлади. Хусусан, ген инженерияси маҳсули бўлмиш “Порлоқ” туркумидаги пахта навларидан йилига 60 минг тонна пахта толаси етиштирилмоқда. Ўзбекистонда яратилган ғўза генетикаси йўналишидаги технологияларни АҚШга трансфери бўйича тажрибани бошқа давлатлар билан амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.