Янгиликлар

“Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони ғолиблари билан танишинг

Хабарингиз бор, жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган “Innoweek.uz-2019” – инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. “Инновацион ғоялар етакчиси“ кўкрак нишони “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш” йилида таъсис этилган бўлиб, у инновацион ғоя ва технологияларни ривожлантириш ва уларни амалиётга татбиқ этишга муносиб ҳисса қўшган ёш олимлар ва талабалар ҳамда ташаббускор фуқароларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш ва эришган ютуқларини муносиб тақдирлаш мақсадида берилади.

Тақдирланган номзодлар билан сизларни таништириш мақсадида расмий саҳифаларимизда улар ҳақида маълумот бериб борамиз.

Демак, танишинг, “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони ғолиби — Самадов Азиз Илхомович.

Унинг "Интеллектуал факультет" лойиҳаси ўқувчилар ва ўқитувчиларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш, шунингдек, янги инновацион технологияларни жорий этиш ва бутун ўқув жараёнини автоматлаштириш орқали таълим тизими самарадорлигини оширишга қаратилган. Талаба ўқувчилар давоматини назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими яратилган бўлиб, у ўз навбатида талабаларнинг ривожланиши учун кўмаклашади.

А.Самадов Самарқанд шаҳрида туғилган, 2015 йилда Самарқанд давлат университетига ўқишга кирган. У нафақат ўқишда, балки спорт ва жамоат ишларида хам фаол иштирок этгани учун бир неча бор фахрий ёрлиқ ва дипломлар билан тақдирланган. Жумладан:

2017 йили “ORIENTAL CONTRIBUTION TO THE WORLD CIVILIZATION” тадбирида қатнашиб, 3-ўринни қўлга киритгани учун диплом билан тақдирланган;

2017 йили Самарқанд вилояти тараққиётига қўшган самарали ҳиссаси ҳамда ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштироки учун Самарқанд вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланган;

2017 йили Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги “Талабаларнинг давомати ва ўзлаштириши” ЭХМ учун ахборот тизимини патентлаштирди;

2017 йили Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги “Олийгоҳ ўқув бўлими” ЭХМ учун ахборот тизимини патентлаштирди;

2017 йили Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги “Аноним сўровнома” ЭХМ учун ахборот тизимини патентлаштирди;

2018 йили ўқиш жараёнига киритган инновацион ғоялари учун табиий фанлар йуналиши Ўзбекистон Республикаси президент стипендияси совриндори.