Янгиликлар

Интеллектуал фаолият натижаларини тижоратлаштириш: 2 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди

InnoWeek-2019 Иккинчи халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида ташкил қилинган Халқаро инновацион кўргазмада интеллектуал фаолият натижаларини тижоратлаштириш майдони ташкил қилинди. Ушбу майдонда 16 та илмий-тадқиқот муассасалари ва 8 та инновацион стартап компаниялар ўз ишланмалари ва маҳсулотлари билан иштирок этди.

Рақамли ва ахборот технологиялари, кимё-биология, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, энергетика, техника, нефть-газ, енгил саноат, соғлиқни сақлаш, тиббиёт соҳаларидаги илм-фан ва инновациялар йўналишида 20 дан зиёд тижоратлаштирилаётган ва тижоратлаштиришга таклиф этилаётган лойиҳалар тақдимоти бўлди.

Интеллектуал фаолият натижаларни тижоратлаштириш майдонида Ўзбекистон Миллий университети илмий ходими Х.Турдалиеванинг “Оқова сувларни сув ўсимликлари ёрдамида биологик тозалаш технологияси” лойиҳаси бўйича Андижон вилояти Хўжаобод “Само текстил” корхонаси билан 150 млн. сўмлик, Андижон вилоятидаги “TILLO VUL TEXTILE” корхонаси билан 150 млн. сўмлик ва “Mundus Invest” корхонаси билан 100 млн. сўмлик шартнома имзоланди.

Шунингдек, Навоий кон-металлургия комбинати “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК қошидаги “Беспилотные технологии” МЧЖ билан 199,9 млн. сўмлик, ФА Ядро Физикаси институти қошидаги КБ тажриба заводи билан 407,2 млн. сўмлик, “Oʻzgeorangmetliti” ДУК билан 410 млн. сўмлик ва Навоий давлат кончилик институти билан 120 млн. сўмлик шартномалар бўйича келишувларга эришилди.

“Kimyoviy Texnologiyalar” МЧЖ инновацион компанияси “Кўмирни бойитиш” ишланмаси бўйича “Ўзбеккўмир” АЖ билан 350 млн. сўмлик шартнома имзолади.

Тақдимотлар натижасида Ўзбекистон миллий университети “Agrokimyo Stansiyasi” МЧЖ билан корхонаси билан 10 млн. сўмлик ва 40 млн. сўмлик ҳамда “Тупроқ таркиби ва репозиторияси, сифати таҳлил маркази“ ДУК билан 100 млн. сўмлик шартнома имзоланди.

Бундан ташқари, "Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги конструкторлик-технологик маркази" МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган Zamin-II ақлли тракторнинг биринчи тақдимоти ўтказилди.