Янгиликлар

Гужаратда ўзбекистонлик 95 нафар ёшлар таълим олишига келишилди

Ҳиндистоннинг Гужарат штатига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация қатор олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида бўлиб, музокаралар олиб борди.

Музокаралар натижасида Гандинагардаги Pandit Deendayal Petroleum ҳамда Gujarat Forensic Sciences университетларида 30 нафар ўзбекистонлик талабалар учун бепул ўқиш ва ёш олимлар учун стажировкалар ташкил этишга келишилди. Шунингдек, талаба ва тадқиқотчилар Ҳиндистон техник ва иқтисодий ҳамкорлик дастури (ITEC) бўйича 170 дан зиёд грант танловларида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.

Pandit Deendayal Petroleum университетида талабалар муҳандислик, менежмент, ижтимоий йўналишларда таълим олишлари мумкин бўлса, Gujarat Forensic Sciences университетида суд-тиббиёт экспертизаси, суд психологияси соҳасини ўрганадилар. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан мазкур икки университет билан Англашув меморандуми имзоланди.

Gujarat Forensic Sciences University Гужарат суд ишлари университети) дунёдаги биринчи ва ягона суд ишлари ҳамда унга яқин фанларга ихтисослашган олий таълим муассасасидир. Бундай таълим масканининг очилишига бутун дунёда, хусусан, Ҳиндистонда ҳам суд-тиббиёт экспертизаси билан шуғулланувчи мутахассисларнинг етишмаслиги сабаб бўлган. Ҳозирда ушбу университетда жаҳоннинг турли бурчакларидан келган талабалар таълим олиб келмоқдалар, мутахассислар эса малакаларини оширмоқдалар.

Pandit Deendayal Petroleum University дунёдаги етакчи университетларнинг энергетика саноатини ривожлантиришга қаратилган дастурлари асосида таълим олиб боради. Энергетика ва энергетика инфратузилмаси иқтисодиётнинг ривожланиши ва барқарорлиги учун муҳим аҳамият касб этгани боис мазкур соҳа учун етук мутахассисларни етиштириш давлат энергетик хавфсизлигини таъминлашнинг асосий шартларидан биридир. Университет шу йўналишда интеллектуал капитални такомиллаштириш ва малакали кадрлар етиштиришни ўз олдига вазифа қилиб қўйган.

Бундан ташқари, “DevX” компанияси билан “Spark-up Idea Fund” дастури бўйича 50 нафар стартапчилар учун қўшма акселерация дастурини ишга туширишга келишилди. Бу дастур ғолибларининг ғоялари ёки лойиҳалари 50 000 рупий миқдорида молиялаштирилади. Танловга тақдим этиладиган лойиҳалар иқтисодий фойда келтирадиган, янги ёки мавжуд маҳсулот ёки хизматларни такомиллаштиришга қаратилган бўлиши талаб этилади. Стартап лойиҳасининг муаллифи ёки жамоаси ўз ғоясини бошланғич босқичдан якунига қадар амалга оширишга қодир бўлишини исботлай олиши мазкур танлов шартларидан биридир.

Шунингдек, тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришга ихтисослаштирилган Entrepreneurship Development институтида 15 нафар юртимиз фуқаролари ўқиши ёки тадқиқотлар ўтказиши кутилмоқда. Тадбиркорлик бўйича таълим бериш, бу соҳада тадқиқотлар олиб бориш орқали Университет мазкур соҳа бўйича Ҳиндистоннинг таълим ва тадқиқот марказига айланган. Айнан шу ерда тадбиркорликка доир ўқув дастурлари, ўқув қўлланмалари ишлаб чиқилган бўлиб, Ҳиндистоннинг кўплаб мактаб, коллеж ва олий таълим муассасалари мазкур дастурлардан фойдаланадилар.

Шундай қилиб, келгуси ўқув йилида Гужарат штатида 95 нафар юртимиз ўғил-қизлари таълим оладилар, малакаларини оширадилар. Бу мамлакатимиз инновацион ва таълим тизимини ривожланишига, икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланишига, мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашишларига хизмат қилади.